Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (44-қисм)

0

* * *

Бедор биби қизининг гапига жавоб қилмади, аксинча, юзини терс бурди.

— Ахир эри қазо қилган бева уч ой аза тутар, шундан сўнггина турмушга чиқар эди…

— Бас! — деди Бедор биби қизига қаҳрланиб қараб. — Ҳаддингни бил! Сенинг дилингни оғритгим келмаётганди, аммо ўзинг мажбур қилаяпсан. Қароқчибоши Маматғулини мен ҳеч қачон эрим деб ҳисобламаганман! У мени мажбурлаб никоҳига олган! Шариатда аёлни мажбурлаш жоизми?! Мени севган ёримдан айирган ҳам ўша падаринг! Мени бекалари қаторига қўшмаган! Ҳайвон қатори охурдан еб-ичардим, ётардим! Неча бор қиличини қайраб, ўлдиришга ҳам чоғланган. Илоё, ўлгани рост бўлсин! Дўзахда ёнсин! Тирик эса, пес-моховга мубтало бўлсин!

— Она! — қизариб-бўзарган, телбаваш қиёфага кирган Фарвиз бақириб юборди. — Инсоф қилинг!

— Сени дунёга мен келтирганман! Берган оқ сутимга пушаймон қилдирма. Мени ортиқ қийнама! Падарингга меҳринг шунчалик зиёда экан, бўғзимга тиғ санча қол. Ахир отанг сени шунга ўргатмаганмиди? Мен ўлсам, қароқчилар тўдасини сен бошқарасан, демаганмиди?! Туққан эмас, тарбия берган онадир. Сенга мен тарбия бермадим!

Фарвиз бошидан рўмолини олиб, ерга ташлади. Қоп-қора сочлари орасига қалтираган бармоқларини тиқди. Кўзини юмди ва секин ўтирди. Кейин ўкириб йиғлаб юборди. Шу маҳал ҳужрага Зебо кириб келди.

— Нима бўлди?! — дея сўради уввос тортиб йиғлаётган келинини кўриб. Аслида, у нима бўлганини яхши биларди. Эшик ортида жанжални эшитиб турганди. Туйқусда она билан қизнинг жимиб қолганидан хавотирга тушиб, кўзидаги ёшни артганча, шошилиб ичкарига кирганди.

Бедор бибининг кўнгли бўшаб, қизининг ёнгинасига мажолсиз чўкиб, рўмолининг учини кўзига босганча йиғлай бошлади.

Зебо уларни бир-бир қучиб, манглайларидан ўпди.

— Бир-бирингизни зинҳор айбламангиз. Муштипармиз ҳаммамиз, инон-ихтиёримиз ўзгалар қўлида. Агар ҳар қайсимиз дардимизни дастурхон қилсак, бир-биримизга таъна-дашном бераверсак, ёш шаҳзоданинг шунча саъй-ҳаракатлари барбод бўлмайдими? Фарвизхоним, ахир сизнинг елкангизда улкан юмуш турибди. Минбад маликалардек оқила бўлиб, оқилона иш юритмоғингиз даркор, — деди Зебо ва секин ўрнидан туриб, бўлажак келинининг қўлидан ушлаб тортди.

Фарвиз қайнонасига қаради, унинг кўзида ёш кўрди. “Сўзлаётганида овозидан билинмаганди-ку? Нечук? Бизнинг дилозорлигимиз оғир ботдими? Ёки… Ёки шаҳзода билан бирор кор-ҳол рўй бердими?..” хаёлидан кечди Фарвизнинг.

— Сиз, — деди бўғзидаги аламни зўрға тутиб турган Зебо Фарвизга, — мен билан юринг.

Улар ҳужрадан чиқиб, Зебога ажратилган хонага киришди. Зебо ҳужранинг тўригача бориб, деворнинг ёнгинасида тўхтади.

— Кўнглим нотинч, — деди у ўзига-ўзи гапираётгандай, — тунда ёмон туш кўрдим. Муҳаммад мирзо соғ бўлсин-да, ишқилиб.

— Ойи, — деб уни қучди келини, — хавотирга ўрин йўқ. Ўғлингиз мард, жасур йигит. Шер билан ҳам олишса-да, кучи етади.

— Лекин у ҳам Яратганнинг бир бандаси. Саҳв кетиши, озор чекиши… Жўн ётиб қайта-қайта ортига қайрилиб қарагани кўз олдимдан кетмаяпти. Ишқилиб, Оллоҳ ўз паноҳида асрасин, — деб Фарвиз томонга ўгирилди Зебо ва кўзидаги ёшни артиб, келинининг юзини силаб: — Сиз ҳам шундай оғир паллада волидангизнинг дилини хуфтон қилманг. Чеккан азобини ёлғиз ўзи-ю, бир Худо билади, — деди.

Фарвизнинг нигоҳи ерга қадалди. Бошини ювош ирғаб, “хўп” ишорасини қилди.

— Кириб, онангиздан узр сўранг.

Фарвиз лом-мим демай чиқиб кетди.

Зебонинг эса юраги беҳузур бўлиб, нафас олиши оғирлашди. Кўрпачага беҳол ўтирди. Оғир юк босгандек, елкаларини кўтаролмай қолди. Деворга суяниб ўрнидан туришга уринди, лекин мадори етмади. “Ё, тавба, менга нима бўлаяпти ўзи? Нега бунақа бўп қолдим?” деган фикр хаёлидан ўтиб, қўрқиб кетди. Ўғлининг дийдорини кўролмай қолса-я?! Аъзойи бадани қалтирай бошлади. Шу маҳал ҳужрага кириб келган Маҳмуд девор тагида тиззалаб, қўллари билан деворга ёпишиб олган хотинини кўриб, капалаги учиб кетди.

— Тинчликми? — деди аёлидан кўз узмай.

Зебо овоз келган томонга ўгирилиб қарамоқчи эди, чалқанча йиқилиб тушди. Маҳмуд югуриб бориб унинг бошини кўтарди.

— Нима гап? Нега бу аҳволда ўтирибсан? — сўради хотинидан.

Зебонинг кўзидан тинимсиз ёш оқар, гўё тили танглайига ёпишиб қолгандай, эрига жавоб қайтаришга қийналарди.

Маҳмуднинг юраги гурсиллаб уриб кетди. У эшик томонга юзланиб:

— Сув! Сув олиб келинглар! — деб бақирди.

Бу пайт Фарвиз онасининг хонасига кириб, кечирим сўраган ва унинг ёнида кўп туролмай, ташқарига чиққан эди. Маҳмуднинг овозидан чўчиб, югуриб ичкарига кирди. Боягина унга тасалли берган, нима қилиш зарурлигини тушунтирган аёл эрининг қўлида оғир-оғир нафас олаётганди.

— Ойижон! Ойижон! Сизга нима бўлди?! — дея зорланди у.

— Бор, — бақирди унга Маҳмуд, — сув опкел!

Фарвиз ташқарига отилиб чиқиб, зумда чинор остидаги чорпоя ёнига етди. Бир челак сувни кўтариб, ортига қайтди. Унинг ҳаракатидан чорпоя устида ўтирганлар бир-бирларига қараб олишиб, бирин-кетин пастга туша бошладилар.

Томоғидан бир-икки қултум сув ўтганидан кейин Зебо бироз енгил нафас ола бошлади. Аммо қовоқлари оғирлашиб, кўзини юмишга мажбур бўлди. Ҳужрага олдинма-кейин кириб келган Фарвизнинг ўгай оналари ва Бедор биби додлаб юборишди. Ташқаридаги эркаклар эса ҳужра томонга ҳадик ва хавотир билан қараб туришарди.

* * *

Лўли кампир кўзини юмиб, бир нарсаларни пичирлаб тебраниб ўтирарди. Теварагида шир яланғоч болакайлар чувиллашиб, қувлашиб юришар, ўғли Абдуалим эса, оёқларини чайла қилиб ётганча нон кавшарди. Фолбин кампирнинг келини Жайрона ташқарида эринибгина данак чақаётган эди.

Кутилмаганда чақмоқ ургандай кампирнинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Олдида турган косадаги сувга тикилди.

— Ё алҳазар! Ё алҳазар! У-у-у! — деб юборди бўғиқ овозда.

Абдуалим нон кавшашдан тўхтаб, ўрнидан туриб ўтирди.

— Биби, сенга нима бўлди? — деди у ҳайрон бўлиб.

— Чаён чақди, ча-ё-н! — деди фолбин кампир чўзиб. Унинг товушидаги ёзғириш ва ваҳм эртаклардаги ялмоғиз кампирни эслатарди. Ҳатто қувлашиб, думалашиб ётган болалар ҳам бирдан жим бўлиб қолишди.

Одатда, кампир фол очаётганида кулбадан ҳаммани қувиб чиқарарди. Аммо Муҳаммад мирзога фол очмасликка ваъда берганидан кейин қасамини бузиб қўймай, деб болаларни уйдан ҳайдамаганди. Лекин ҳозир фол очиб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди.

— Ҳалиги шаҳзодани, — деди кампир ўғлига қараб ажин босган юзи баттар тиришиб, — чаён чақди. Дарди оғир. Қирқбўғим билан баргизубни Қўтирбулоқ сувида чайиб, майдалаб, жароҳатга босиш керак. Агар индин кечгача шу муолажа қилинмаса, мирзо ўлади. У дарҳол ўлиши керак эди, лекин шайхнинг руҳи жонини омон сақлаб турибди. Сен ялпайиб ётмай ўрнингдан тургин-да, қорабайирни миниб, Кийикотага бориб, гиёҳларни териб Қўтирбулоққа бор. Мен сени шу ерда кутиб ўтираман.

— Биби, майнанг айнидими сенинг?! Кийикота тоғига ҳозир йўлга чиқсам, эрта пешинда етиб бораман. Қўтирбулоққача яна шунча йўл босиш керак. Унгача пошшо ўлади-ку!.. Сенга унинг ўлигию тиригидан нима фойда? Олтин-кумушларни бериб, лўлиларни шарманда қилдинг!

— Қорабайирни мин! — жаҳл билан шанғиллади лўли кампир.

Агар фолбин ғазаб отига минса, менман деган одамни ҳам шол қилиб қўя олади. Абдуалимнинг ўзи бунга беш-олти марта гувоҳ бўлган. Аммо ҳеч вақт зурриётини кўрпачага михлаб қўймайди. Абдуалим буни яхши билади. Шунинг учун қора, кир-чир башарасини тириштириб иржайди.

— Ман ўлсам, сан ўласан! — дея кампир ўрнидан илкис туриб, ташқарига чиқди. Юмушни Жайронага буюрди. Жайронанинг бир қарашдаёқ одамнинг ҳушини олгувчи кўзлари қайнонасиникидек ёнарди. У кампирнинг буйруғини эшитмаганга олиб, “қарс-қарс” қилиб данак чақиб ўтираверди.

— Қорабайирни минасан. Кийикота тоғига борасан! — деди унинг тепасига келиб кампир.

Жайрона юмушини тўхтатиб, оғзини чапиллатиб кампирга юзланди:

— Ман оқшом юришга қўрқаман, — деди бурнини тортиб.

— Лўлиларни бошимга йиғаман!..

— Бораман. Ман тоққа етганимда, боланг ўлади, набиранг сағир қолади. Мани Зойирга хотинликка берасан.

— Бераман.

Жайрона ўрнидан сапчиб турди. Тез-тез юриб, сайисхонадан қорабайирни етаклаб чиқди.

— Тўхта, — деди отга минмоқчи бўлган Жайронага фолбин кампир ва тулпорнинг ёнига келиб, отнинг бошини қучоқлаб, пичирлай бошлади. Фавқулодда отнинг кўзлари каттариб, Жайрона тоқатсизланди. Аммо оғиз очмай, кампирнинг пичир-пичири тугашини кутди. Ниҳоят, фолбин айтарини айтиб бўлди ва отнинг тумшуғини қўйиб юбориб ортига бурилди-ю, кулбасига қараб кетди.

Жайрона бир сакрашда эгарга чиқди. Кампирнинг ортидан қараб қўйди-да, тулпорнинг қорнига ниқтади. Отни чоптириб икки уй наридаги пастқамгина кулбанинг ёнида тўхтаб:

— Зойир! — деб бақирди.

Кулба ҳовлисида бўйлари тенг уч бола пайдо бўлди. Уларнинг ортидан этаги йиртиқ кўйлакда қоп-қора, оғзи қийшиқ аёл уйдан чиқиб келди.

— Сан шармандани чақирмадим! — бақирди Жайрона. — Оғзингни қийшайтириб қўювдим. Оёғингни чўлоқ қилайми энди? Эрингни чақир!

Оғзи қийшиқ лўли аёл қўрқиб кетди, шошиб ўзини кулбага урди. Жайрона эса, шошилмасдан отдан тушаркан, ҳайратланганча тикилиб турган болаларга ўқрайиб:

— Кетинглар! — деди.

Болалар олди-орқасига қарамай чопқиллаб онасининг орқасидан кулбага кириб кетишди. Аёл ўшшайиб, ўзи истаган одамнинг кулбадан чиқишини кутди. Лекин кутгани чиқавермагач, у жаҳлланди, ўткир кўзлари оловланди. Отнинг юганини қўйиб юбориб, ичкарига киришга чоғланганида, ярим яланғоч, қорин қўйган, жингалак сочли Зойир чиқиб қолди.

— Тухум босиб ётганмидинг? — деди унга ғазаб билан тикилиб Жайрона.

— Бешта боланг борлигини айтганман, бошқа келма деганман. Марямни қийнаганинг учун оч қолаяпман, — деб Зойир қорнини қашиди.

— Беш болам бўлсаям, ўзим ёшман. Беш боланинг биттаси саники. Кўк ажалнинг тупроқ йўлида ихтиёримга қарамай, кенжа боламни бунёд қилгансан. Шундан бери менга ит ҳам тегмаган. Ҳеч кимдан қўрқмайман. Кийикотага кетаяпман. Тоққа етганимда эрим ўлади. Фолимда аён бўлди. Қайтганимда сен хотин қиволасан. Шум кампир — қайнонамнинг гапини етказаяпман сенга. Оғзи қийшиқ хотининг қаршилик қилса, маймоққа айлантириб қўяман! Абдуалим хотин бўп қолган! — деб Жайрона отнинг юганидан ушлади ва бир сакраб тулпорнинг устига чиқди ва “чуҳ!” дея қийқириб отга қамчи босди.

Уйининг ортидан отини елдириб ўтаётиб кампирни кўрди.

— Кечикдинг! — шанғиллади фолбин.

Жайрона унинг гапини қулоғига илмади.

Йўл саҳронинг бир четини кесиб ўтарди. Айни шу жойни илонлар макон қилган. Лекин бу газандаларни на лўлилар ва на бошқалар кўрганди. “Миш-миш” кимдан чиққанини ҳеч ким билмас, лекин бу ердан юрган йўловчи борки, юрагини ҳовучлаб ўтарди. Қум барханларидан иборат масканда ўлик сукунат ҳукмрон, қилт этган шабада эсмас, қуми ҳам бошқа жойникидан иссиқ, оёқни куйдирарди. Ҳатто отлар ҳам авжи туш палласида юришдан тўхтаб, орқасига тисариларди.

Аксига олиб, қуёш қоқ тепага чиққан дамда Жайрона ўша қумликка етиб келди. Тулпори туйқусдан югурмай қўйди, тўхтаб кишнади. Кейин ортига тисарила бошлади. Жаҳли чиққан лўли аёл тулпорни аёвсиз савалашга тушди. Бироқ қамчи зарби отга таъсир қилмади, жониворнинг кўзи олайиб, бошини баланд кўтариб олганди.

— Чуҳ, ҳаром ўлгур! — деб бақирди Жайрона. Лекин тулпор буйруққа бўйсунмади, баттар ортига тисарилаверди.

Жайрона ўзини қумга отди, чориғидан иссиқ ўтди. Кейин оёғи куя бошлади. Аммо у парво қилмай, отнинг кўзига жавдираб қараб, юганидан тортди. Тулпор аёлнинг ортидан аста-секин юра бошлади. Аммо зум ўтмай, Жайронанинг ўзи таққа тўхтади: қаршисида ҳайбатли аждаҳосифат илон кўндаланг бўлиб турарди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (43-қисм)

 

 

 

loading...