Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (45-қисм)

0

Илон бошини ердан узиб, вишиллаб юқорига кўтарила бошлади. Жайрона сеҳрлангандай унга тикилиб қотиб қолганди. На қўли, на оёғи измига бўйсунар, фақат кўзлари тобора шишиб улканлашаётган аждаҳога термилиб турарди. Газанданинг боши йириклашаётганини кўриб жувон хаёлан: “Қандай қилиб унинг оғзига кириб кетарканман?” деган ўйга бора бошлади. Тулпори ҳам жонсиздай, қилт этмай илонни кузатарди. Ниҳоят, аждаҳо оғзини очди. Иккига айрилган узун тили бир қулочча керилди. Шунда кутилмаганда Жайронанинг кўзи ўт бўлиб ёниб, хаёлига қандай қилиб Зойирнинг хотинининг оғзини қийшайтириб қўйгани келди. Унинг тани-жони кўзга айланди. Томирида қон ўрнида нур оқди. Ўлжасини аввал сеҳрлаб, кейин ютишга кўникиб қолган илон бунақа қарши ҳужумни сира кутмаган чоғи, оғзи ёпилди. Аммо айри тилини ўйнатиб, вишиллади. Кейин бошини секин қумга қўйди-да, ўгирилиб, бироз ўрмалагач, кўздан ғойиб бўлди. Шу заҳоти Жайронанинг орқасида турган от гурсиллаб ерга ағанади. Думи бир-икки қимирлади-ю, тинчиб қолди. Дармони қолмаган Жайрона қумга тиз чўкди. Анча муддат титраб ўтиргач, ортига ўгирилиб, Қорабайирни кўрди.

— Ҳаром қотгур! — деди пичирлаб ва ортига бурилиб тўхтади. Кўкажал деб ном олган чангалзор орасидаги тупроқ йўлда Зойирнинг ўзига ташлангани эсига тушди. Жайрона Зойирни бемалол ағдариб ташлаши, худди манави илондай сеҳрлаб қўйиши мумкин эди. Аммо ундай қилмади. Зойирнинг тегиниши ўзига ёқди. Шу тобда эридан анқийдиган бадбўй ҳидни ҳамлачида сезмади ва ўзи Зойирга имкон туғдирди… Кейин бу ҳақда кўп ўйлади. Қўмсади. Лекин Зойир бошқа ҳамла қилмади. Орадан кўп ўтмай, бўйида бўлиб қолганини пайқади. Боласи туғилгач, тўғри “душман”ининг ёнига бориб, бола ундан бўлганлигини хотинининг ёнида рўй-рост айтди. “Хушхабар”дан эсини йўқотаёзган Зойирнинг хотини Жайронага ташланди. Бироқ Жайрона эпчиллик қилиб чап берди ва рақибасига чунонам ўқрайиб кўз тикдики, бечоранинг оғзи қийшайиб қолди. “Бир кунмас бир кун, барибир, сенга хотин бўламан!” — деб бақирди Жайрона Зойирга. Ўшанда текин томошага йиғилган лўлилар ёқа ушлади. Марямнинг оғзи қийшайиб қолганини кўрганларидан кейин нафасларини ичига ютди. Ҳамма Жайронанинг кўзидан қўрқди. Биргина қайнонаси — фолбин кампир ҳайиқмади. Фолбин келинини ҳассаси билан туртди. Жайрона кампирнинг асосини қўлидан тортиб олиб, отиб юборди. Сўнг уйига кириб кетди. Фолбин унинг орқасидан қарғанди. Гарчи у келинини койиб бақираётган эса-да, аслида, қарғишлари ўғлига — латтаю ландовур, ётиб емоқдан бошқасига ярамайдиган Абдуалимга қаратилганди…

Шу-шу Жайрона кенжасини Зойирдан орттирганини бировдан яширмайди. Қайтанга мақтаниб гапиради. Бир кун келиб, у Зойирга хотин бўлади. Кенжасига ўхшаган бир нечта фарзанд орттиради. Ҳамма ҳайрону лол: “Лўли хотин Зойирнинг нимасига ишқибоз бўлибди?”

“Агар сизлар ҳам, — дерди у ўзи тенги лўли хотинларга, — менга ўхшаб ундан бола орттирганларингда, билардинглар нега ошиқ бўп қолганимни”. Жайрона кўкрагини кериб, мақтаниб гапирарди. Унинг сайрашидан жувонлар ерга кириб кетгудек бўларди. Охири эркаклар хотинларини Жайронанинг ёнига яқинлаштирмай қўйишди. Шунда Жайрона эркакларнинг устидан масхаралаб кулди. “Оғилда сигирларингнинг олдига боғлаб қўйинглар уларни. Ҳе, гўрсўхталар! — деди у. — Сизлар хотинларингга сийлов. Сиздақа хотинмижоз эркаклардан чалпак афзал. Бир куни Абдуалим ўлади, мен Зойирга эрга тегаман. Оғзи қийшиқ Марямни ҳайдаб юбораман”, — дерди у. Фолбин кампир ғинг деёлмай қолди. Уй тўрида тўнкадай думалаб ётган ўғлидан эса садо чиқмади. У бечора нима қилсин? Гоҳ келинининг, гоҳ боласининг гўрига ғишт қалайди. Яна иссиқ-совуқ қилади. Аммо маккор Жайрона дарров ҳамма нарсани илғайди. Илғамаган тақдирдаям раҳматли онасидан “қайтарма”ни ўрганиб олган, ҳар куни қайтарма қилади. Кампир ҳам буни сезди. Чунки қаттиқ оғриб қолди-да, кейин фолида келинининг амалини кўрди. Қўлини ювиб, қўлтиғига урди. Ўғлини келинига қайради. “Хотинингни ур. Жони оғриса, кўзида балоям қолмайди”, — деди. Бироқ беғам ўғил қўл силтаб қўя қолди…

Жайрона ўрнидан дадил турди. “Гиёҳни шум кампирнинг қўлига тутқазаман-у, Зойирникига кетаман. Хотинини ҳайдаб юбораман”, дея хаёлидан ўтказди ва Кийикота тоғи сари илдам юриб кетди.

Тонг юлдузи нури хира тортиб қолган маҳал Жайрона оёқларини судраб уйига етиб келди. Болалари пишиллаб, эри Абдуалим хуррак отиб ухлаб ётарди. Кампир ҳам улар билан бир уйда. Бўлмаса, кулбанинг нариги ҳужраси бўш. Лекин кампир қўрқади, жин-ажиналар бўғиб кетади, деб хавфсирайди. Келинидан ҳам қўрқади. Шунинг учун ўғлининг бир ёнбошида, қўлини ушлаб ухлайди. Берироқда болалар, эшикка яқин жойда Жайрона ётади.

— Шум кампир, — деди Жайрона бўғиқ овозда, — ўғлингнинг қўйнидан чиқ, манга қара, шум кампир!

Унинг овозини биров эшитмади. Аъзойи бадани зир қақшаётган Жайрона эшик ёнига суянганча ухлаб қолди.

Болаларнинг қий-чуви, туртиб ўтишлари, Абдуалимнинг ўкириши ҳали уйқуга тўймаган Жайронани уйғотиб юборди. У зўрға кўзини очди. Нима бўлаётгани, қаердалигини англай олмади. Ўзига келгач, болаларини уйдан қувиб чиқариб, ўзини тўшакка ташлади. Кирлигидан ранги ҳам билинмай кетган ёстиқни бошига бостириб ухлайверди. Қорни очқаган Абдуалим бир неча марта бошига келиб уни туртди, аммо аёл қимирламади. Қуёш тиккага келиб, бола-бақра иссиқдан қочиб, уйга кирганидан кейингина уйғонди. Ётган жойида керишди. Сўнг бошини кўтариб, фолбин кампирни қидирди. У уйда йўқ эди.

— Қайси гўр тортиб кетди анавини? — деди эснаш асносида.

Тепса-тебранмас гўрсўхта хотинига маъносиз қаради.

— Сен ухлаб ётганингда, манинг қорним очганидан хабаринг бўлдими? — саволга савол билан жавоб қайтарди Абдуалим. Жайрона ўқрайди.

— Ўлиб кетганинг билан манинг нима ишим бор? Қани анави жодугар кампир? — деди ҳали уйқуси қочмаган Жайрона.

Худди шу маҳал бўсағада фолбин пайдо бўлди. Кампир ҳам Жайронадай толиққан, кўзини зўрға очиб турарди. У на ўқрайиб турган келинига, на онасининг келганидан кўзлари чарақлаб кетган ўғлига ва на набираларига эътибор қилди. Эмаклагандай икки букилиб судралиб уйга кирди. Нигоҳи Абдуалим билан Жайронанинг ўртасида кенжа набираси бир ҳовуч қилиб ташлаган чалпакка тушди. Бунга кўникиб, кўзи пишиб кетганидан бурнини жийириб қўя қолди.

— Ҳов, шум кампир, — деди ўрнидан туриб ўтирган Жайрона, — мен гиёҳни олиб келдим. Энди ўғлинг билан ўзинг ётаверасан. Ўғлинг ўзингга сийлов. Набираларинг ҳам. Фақат кичкинамни олиб кетаман. Ҳозироқ кетаман. Юзимни ювмасдан. Аслида, ўтган куни ювгандим. Ойда бир ювилади юзим. Бир ой ичида кир босмайди, чанг ўтирмайди.

— Эшитиб қўй, — деди тупуги билан томоғини ҳўллаб олган кампир, — қарғиш уради сани. Шу пайтгача набираларим, — дея у қоқсуяк бармоғи билан Абдуалимни кўрсатди, — гўрсўхтанинг қўлида қолмасин, очидан ўлади, деб ҳамма қилиғингга чидаб келдим. Бошқа бўлганида, ҳамсоядан бола орттирганинг учун сени отнинг думига боғлаб, чўлга ҳайдаган бўларди. Қурт-қумурсқаларга ем бўлиб кетардинг.

— Ялмоғиз! — деди Жайрона чираниб бақираркан. — Мен сенинг айтганингни қилдим. Кетишимга тўсқинлик қилолмайсан. Кетишимдан аввал сени ўлдираман.

Жайрона ўрнидан сакраб туриб қайнонасининг бир тутам бўлиб қолган оппоқ сочига чангал солди. Фолбин жони оғриб, бақиришга тушди. Ўғли парво ҳам қилмади. Аслида, Абдуалимга онасининг кераги йўқ эди. Аввалгидай ош-овқатини қилиб берганида, нон топиб келганида, бошқа гап эди. Мана, бир йилдан бери кампир уйдан чиқмай қўйди. Ўлганнинг устига тепгандай, чой ҳам дамламай қўйди. Уни ҳозир хотини боқаяпти. Ҳеч вақога ярамайдиган фолбиннинг боридан йўғи афзал. Ҳеч қурса, олтин-кумушларни бериб юбормаганидаям бир нав эди. Бирорта лўли уни ҳурмат қилмай қўйди. Илгари Жайронанинг қилиқларини кўрган, эшитган эса-да, барибир, кампирнинг ҳурмати бор эди. Ҳар куни уйига бирор лўли нимадир кўтариб келарди. Кампир олтин-кумушларни бериб юборди-ю, кулбасига ҳеч ким доримайдиган бўлди.

Кампирнинг жони чиққудек аҳволда экан, Жайрона ҳовлига судраб чиққанидан сўнг биқинига бир-икки марта тепган эди, узилди-қолди. Бундан бехабар Жайрона унинг устидан сакраб ўтиб, уйга кирди ва Абдуалимга:

— Мен Зойирникига кетаяпман. Энанг боқсин сени, — деб чаққон ортига қайтди.

Меровсираб турган ўғилчасининг кир қўлидан ушлаб, сўнгги марта фолбинга назар ташлади. Кампирнинг оғзида кўпик кўрди.

* * *

Лўли кампир келганлигини айтишганда Халил мерган уни эслай олмади. Лекин шу заҳотиёқ лўли нега келганлигини сўради.

— Ҳазрати олийларини даволайман, деяпти, — деди хабарчи навкар.

Мерган лўли одам даволаганини эшитмаган эди. Шундай эса-да, уни дарҳол ёнига олиб киришни буюрди. Кампирни сарой ичкарисига олиб киришганда уни бир кўргандаёқ таниди ва беихтиёр хурсанд бўлди. Бу маҳалда сарой табиби шаҳзоданинг совиб бораётган оёқ бармоқларини ушлаб кўраётганди. Бу ўлим аломати эканини сезган табиб оғир оғир нафас олаётган мирзога термилди. Кўзлари ёшга тўлди.

Чодирга кирган кампир табибга:

— Сен чиқиб тур, — деди.

Табиб Халил мерганга қаради. Мерган кўзини юмиб, бошини қимирлатди. Мирзонинг куни битаётганидан ғамга ботган табиб ичидагини кимга айтарини билмай, секингина чодирдан чиқиб кетди.

— Бор, чиқиб кет, — деди кампир мерганга ҳам.

— Мен… — дея мерган оғзини очган заҳоти кампир қўлини юқорига кўтариб, уни тўхтатди.

— Бу бола авлиё, — деди кампир қалтираб, — жони узилай деб турибди. Тез қорангни ўчир.

Ноилож қолган мерган ҳам чодирни тарк этди. Чиқди-ю, Эрғозининг сўроқларига қийналиб жавоб бераётган табибнинг ёнига борди.

— Шаҳзоданинг аҳволи қалай? — сўради чарчоқ тўла кўзини унга тикиб.

Табиб бошини эгди, чуқур нафас олди.

— Нажот йўқми? — энди бошқача оҳангда сўради Халил мерган.

— Ёлғиз Оллоҳ билади. Мен қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим. Биз бандалар ожизмиз, — жавоб берди ниҳоят табиб.

— Ё раббим! Шундай йигит-а! — деди йиғламоқдан бери бўлиб мерган, сўнг Эрғозига юзланди: — Соқчиларни кучайтиринг, анави баттолни бош вазир билан бирга қатлгоҳга олиб чиқинг. Худо кўрсатмасин-у, хунук хабар бўлиб қолса, бошини танасидан жудо қилиб, осон ўлимни тақдим этманг. Бармоқлари, қулоқлари ва бурнини кесиб, оёғининг терисидан бир қарич шилиб, туз босинг. Итнинг азобини тортсин нобакор. Кейин ўлдиринг.

У ортиқ сўзлай олмади, томоғига нимадир тиқилиб, ғазабини бўғиб қўйди. Овозидаги ўксик оҳанг, дард эшитган одамнинг юрагини ачиштирарди.

— Хўп, — деди Эрғози бошини эгиб.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (44-қисм)

 

 

 

loading...