Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (46-қисм)

0

Кампир чодирда узоқ қолиб кетди. Мерганнинг юраги сиқилди. Бир неча бор чодир эшигигача бориб қайтди. Ҳар сафар ичкарига кирмоқчи бўлар, аммо ғойибона куч уни кўкрагидан итарарди. У кампирнинг шалвираб чиқиб: “Дарди мен ўйлагандан ҳам оғир экан”, дейишидан қўрқарди. Бундай шум хабар, шубҳасиз, мерганнинг хонумонини куйдириб юборар эди. Бориб-келиб юравериш унинг ич-этини эзиб юборди. Мерган чодир эшигининг ёнига ўтирди. Бошини эгиб, хаёлга ботиб ўтираверди. Орадан талай муддат ўтди. Ниҳоят, кампирнинг йўталган товуши эшитилди. Мерган ўрнидан сапчиб турди. Чодирдан чиқиб келаётган кампирнинг сочлари тўзиб кетган эди.

— Нима бўлди?! — сўради ундан қўлларига ёпишган мерган.

— Худо деган экан! Худойлиги бор экан, — жавоб қилди кампир.

Мерган шу заҳоти ўзини чодир ичига урди. Мирзо терга ботган, аъзойи бадани ёнаётганга ўхшарди.

— Ҳазрати олийлари! Ҳазрати олийлари! — деди мерган ҳовлиқиб.

Шу маҳал чодирга табиб ҳам кириб келди-ю, шаҳзоданинг оёғини ушлаб кўрди.

— Хайрият, яшаб кетади! — дея бақириб юборганини табибнинг ўзи ҳам сезмай қолди. — Узоқ умр кўради.

Унинг гапини далиллаётгандай мирзо кўзини очди. Мерган йиғлаб юборди. Эзилиб-эзилиб, тўкилиб-тўкилиб йиғлади. Чодир ташқарисида хавотирланиб турган соқчилар унинг товушини эшитиб, ичкарига бош суқишди. Бирининг сабри чидамай, мерганнинг ёнига келди. Шаҳзоданинг тириклигини, кўзининг очиқлигини, юзидаги табассумни кўрди.

— Бор, ҳаммага бақириб айт, — қичқирди унга мерган, — шаҳзодамиз соғ-саломатлар, дегин! Душман ўзининг ёғига ўзи қовурилсин! Дўст байрам қилсин!

Кечга бориб шаҳзода оёққа турди. Бир-икки оғиз гапирди. Лекин бир гапни айтиб бўлиб, хийла муддат хаёл суриб қолар, кейин яна сўзларди. “Чарчадим, — деди охири ёнидагиларга. — Лўли аёлни топиб келинглар…”

Эрғози ёнига ўн беш чоғли сарбозни олиб, лўли қишлоққа от қўйиб кетди.

* * *

Зебо ўзига келиб кўзини очганда ҳужрадагиларни кўриб қўрқиб кетмасин, деган ўйда Бедор биби кундошларини эргаштириб ташқарига чиқди. Бегоналар ҳам тезда ўринларидан қўзғалишди. Фақат хотинининг бош томонида ўтирган Маҳмуд ва Фарвиз қолишди.

— Ғалати туш кўрдим, — деди Зебо эрига тикилиб, — шаҳзода тахтда ўтирганмиш. Қандайдир қора, катта илон унга яқинлашганмиш. Илон судралиб сарой амалдорларию навкарлар орасидан ўтибди. Ҳеч ким кўрмабди. Кўрганлар ҳам бепарво эмиш. Илон мирзони чақибди.

Зебонинг кўзидан ёш чиқиб кетди, лаблари титради.

— Тушга нималар кирмайди? Аёлнинг туши ҳамиша чапидан келган. Демак, мирзо соғ-саломат, — дея уни юпата бошлади Маҳмуд. Зебо яна нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, бироқ лаблари титраб йиғлаб юбораверди. Маҳмуд унинг юз-кўзларини артди, ора-чора қўлидаги сочиқчани ўзининг кўзларига ҳам босиб қўярди.

— Ўғлимни жудаям кўргим келаяпти. Агар тезда ёнига етиб бормасам, юрагим ёрилиб кетади, — деди ниҳоят Зебо.

Фарвиз терисига сиғмайдиган даражада қувониб кетди. Хушхабарни бошқаларга етказиш учун ўрнидан сапчиб турганида, Маҳмуд уни тўхтатди:

— Сен шу ерда тура тур, бошқа юмушларни ўзим бажараман.

Қўналғада иккита қари чол қолди, холос. Қолганлар йўлга тушди.

Чўлнинг қоқ ўртасига етганларида улар Муҳаммад мирзонинг навкарларига дуч келишди. Гарчи навкарлар шаҳзоданинг саломатлигини, шаҳарни жангсиз қўлга киритганларини айтишса-да, барибир, Зебонинг кўнгли жойига тушмади.

Яна икки кун йўл юрилганидан кейин манзилга етишди. Унинг келиши шарафига навкарлар шаҳар дарвозаси ёнида икки қатор бўлиб саф тортишган эди. Онасининг келганини эшитган мирзо, ҳали тўла соғайиб кетмаган эса-да, саройдан дарвоза ёнигача пиёда юриб келди ва Зебонинг оёқларига тиз чўкди…

Зебо сарой ҳаётидан бохабарлиги боис, бу ердаги тартиб-қоида билан ўзи шуғулланди.

Мирзо аввалига зиндондаги бегуноҳларни озод этди. Кейин шаҳзода Меҳрдоднинг ўнг қўл вазирини, ўзига ханжар санчган навкарни ёнига олиб келишларини буюрди.

Ўнг қўл вазир ўзини Муҳаммад мирзонинг оёқлари остига ташлаб, йиғлаб-сиқтади. Бир қошиқ қонидан кечишини сўради. Аммо навкар хийла қайсар эди, у ўнг қўл вазирнинг оёқ остида юмалаб ётишини кўриб, ғижинди. Тишланиб, юзини четга буриб турди.

— Ҳар қандай хиёнат кечирилмайди! — деди ғазаб билан ўнг қўл вазирга тикилган мирзо.

— Ҳазрати олийлари, мен сизга шаҳар дарвозаларини очиб бердим. Зулмкорнинг дастидан халқнинг азоб чекаётганини кўрганим учун шундай қилдим! — деди ўнг қўл вазир бошини кўтармай.

— Шаҳзодани ўлдириш, мамлакатни қўлга олиш қўлингдан келаркан, нега бу юмушни биз келгунимизча қилмадинг? — сўради ундан мирзо.

— Ожиз эдим, ожиз!

— Ёлғон! — бақирди кутилмаганда қўли кишанланган навкар. — Сизнинг ўзингиз не-не одамларни қатлга буюргансиз. Ижрони мен бажарганман. Шаҳарни қўшин қуршаб олганини эшитганингиздан кейингина шаҳзодага хиёнат қилиб, бўлажак султоннинг ҳам саройида баланд мартабани эгаллашни мўлжалладингиз!

Ўнг қўл вазир бошини ердан кўтариб, ғазаб билан навкарга қаради. Аммо бир оғиз ҳам гапирмади.

— Жанг бўлмагани, бирорта ҳам одам қурбон бўлмагани боис, мен сизни афв этаман, вазир жаноблари. Лекин сиз бу юртни уловсиз, ёлғиз тарк этасиз. Мол-мулкингиз мусодара қилинади, — деди эътирозга ўрин қолдирмай мирзо.

— Ҳазрати олийлари, — деди унинг ёнгинасида турган Халил мерган, — бу баттол қатл этилиши керак. Йўқса, шаҳзода Меҳрдоднинг акаси билан топишиб, устимизга қўшин тортиб келишдан ҳам тоймайди.

— Одам ҳар неки қилса, ўзи учун қилади. Бир марта ажал чангалидан омон чиқаяпти. Кейинги сафар ақл билан иш қилар, — деди унга жавобан мирзо.

Навкар ҳам афв этилди, боз устига, унга юртда қолиш насиб этди.

Шаҳзоданинг тадбирларидан халқ қониқиш ҳосил қилди. Шаҳар тўрт тарафдан қўриқланаяпти, амалдорлар тайинланди. Урфга кўра, Меҳрдоднинг ҳарамидагилар янги тайинланган бекларга, вазиру уламоларга берилди. Мол-мулки эса, урушлардан чарчаган юртни оёққа турғазиш учун сарфланадиган бўлди. Кўнгли равшан тортган мирзо ҳарамга борганда жанжалнинг устидан чиқди.

Шаҳзода бир муддат жанжаллашаётганларга тикилиб турди. Илгари бунақа даҳанаки жангга гувоҳ бўлмаганди. Карвон билан келганлар мулойим, бир-бирига меҳрибон, эркак зотига кўз тушганда эшитилар-эшитилмас салом берар, йўл бўшатарди. Шайх Аҳмад ҳар доим: “Аёл зотини кўрдингизми, дарҳол иззат-икром кўрсатинг. Аёл улуғ зот. У одамни дунёга келтириб, мисли кўрилмаган жасорат кўрсатади”, дер ва аёл зоти зикр этилган ҳадисларни айтиб берарди. Аммо ҳозир кўриб тургани ғалати манзара эди: аёлларнинг оғизларидан чиқаётган қарғиш аралаш ножўя гап-сўзлар, уларнинг бир-бирининг ёқаларидан ушлаб олганлари…

— Олампаноҳга мен хотин бўламан! Сен чўрим бўласан, нозиккина оёқларимни ювиб қўясан! — деб шанғилларди аёллардан бири.

— Ҳо-о! Мен-а?! Келиб-келиб сендай наҳс босган, ипирисқи бир хотиннинг оёғини юваманми?! Этагингни бошингга илиб қўймайин тағин!

Шаҳзода ортиқ чидаб туролмай:

— Бас! — дея бақириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Жанжалкаш аёллар бир зум шаҳзодага анқайиб қараб қолишди. Сўнг бош эгиб, одоб билан салом беришди.

— Ҳар икковингиз ҳам, — деди мирзо товушини кўтариб, — ҳозироқ саройни тарк этинг! Сизга бу ерда жой йўқ!

— Ҳазратим!

Овозлари ипакдай майинлашган аёллар тиз чўкишди. Бундан мирзонинг ғазаби баттар ошди.

— Ясовул! — бақирди у эшик томонга қараб.

Бир зумда қўлларида узун найза, қалқон кўтариб олган, белларидаги камарга шамшир тақилган икки нафар соқчи пайдо бўлди.

— Маликани чорланг! — буйруқ берди шаҳзода.

Иккала аёл ҳам унсиз йиғлай бошлади. Мирзо Зебо келгунича юзини тескари ўгириб турди.

Фарвиз билан бирга кирган Зебо ўғлининг юзидаги ташвишни кўриб:

— Тинчликми, ҳазрати олийлари? — деб сўради майин товушда.

— Анави икки аёл саройда ортиқча, — деди шаҳзода тиз чўкиб ўтирганларга қарамай туриб. — Навкарлар орасида сўққабошлари кўп, икки навкарга иккисини никоҳлаб беринг, бир умр хизматларини қилсин.

— Афв этинг, ҳазрати олийлари!

— Гуноҳимиздан ўтинг!

Мирзо қувғинга учраган аёлларнинг сўзини эшитишни ҳам истамай, ётоғи томон юрди.

Бу икки аёл, аслида, мирзонинг хосхонаси яқинидаги ҳарамнинг махсус ётоғи устида талашаётганди. Улар шаҳзода Меҳрдоднинг энг ёш хотинлари бўлиб, бири ўн олти, иккинчиси ўн еттига қадам қўйганди. Бир қарашда кўзига ёқимтой кўрингани учун Зебо маликаларни чўри сифатида саройда олиб қолган, бироқ бу ҳақда уларга оғиз очмаганди.

Шоҳона ҳаётга кўникмаган шаҳзода ғалати аҳволга туша бошлади. Ўзига қолса, Фарвизга уйланмоқчи эди, бироқ бекларидан бири ўзининг ўн тўрт яшар қизини унга хотинликка бермоқчилигини Халил мерган орқали етказганда Мирзонинг жаҳли чиқди:

— Мен сизларга уйланаман, хотин топиб беринглар, дедимми?! — деди овозини хийла кўтариб.

— Тақсир, таомил шундай. Айрим шаҳзодалар ҳали балоғатга етмасидан бурун уйланишган, — деди мерган хиёл бошини эгиб.

— Сизга ўзим айтаман қароримни. Бекка уқтиринг, минбаъд қизини бозорга солмасин. Мусулмон одамда озгина шарму ҳаё бўлиши керак, — дея кескин жавоб қилди мирзо.

Кейинги гал ҳамма малика дея эъзозлай бошлаган Зебо уйланиш ҳақида гап очди.

— Ўзингиз келин танлаб қўйибсиз, — деди унга жавобан мирзо, — тараддудингизни кўраверинг.

— Мени хурсанд этдингиз, — деди юзида табассум билан Зебо.

Зебо ўғлининг ёнига келди. Елкасини силади. Айни дамда Муҳаммад мирзонинг юзида ҳорғинлик кўрди.

— Нимадандир қийналаяпсизми, шаҳзодам? — деди у хавотирланиб.

— Қийналиш… Эҳтимол, буни қийналиш деб бўлмас, лекин юракни сиқаётгани рост.

— Нима экан у?

— Тожу тахт, ҳукмронлик ва яна гарчи кўнглим ҳис этиб турган эса-да, номини билолмаётганим бир нима ҳоли-жонимга қўймаяпти…

— Бу вақтинчалик ҳолат, шаҳзодам, иншооллоҳ, ўтиб кетади. Айни чоғда тушкунликка тушманг. Бундан ғанимлар фойдаланиб қолишади. Эҳтимол, тож кийдириш маросимини эртароқ ўтказганимиз дурустроқми?

— Асло! Аввало, мен тайёр эмасман, бир қарорга ҳам келганим йўқ.

— Тушунмадим, ўғлим?! — деди Зебо ҳайратга тўла нигоҳларини мирзога тикиб.

— Тахтни ҳечам кўнглим тусамайди. Майли, она, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас. Обдан ўйлаб кўрайлик, сўнгра бирор қарорга келамиз.

— Майлингиз, аммо тўйни бошлайверамизми?

— Буниси — ихтиёрингиз.

Тез орада тўй хабари юртга тарқаб кетди. Бироқ шаҳзоданинг кимга уйланаётгани маълум эмасди, шу боис бўлажак малика ҳақида турли гап-сўзлар урчиди. “Меҳрдоднинг кенжа хотинига уйланаётганмиш”, “Тахтга ўтирар-ўтирмас, беклар қизини туҳфа қилишибди”, “Бир йўла учтасига уйланаётганмиш” қабилидаги гаплар мирзонинг-да қулоғига етиб келди. Шунда у ҳудайчини ёнига чақириб:

— Овоза қилинг, Меҳрдоднинг ҳарамидаги аёлларнинг бирортасини ҳам ёнимга яқинлаштирмайман. Беклар ҳам овора бўлмасин, қизларига бошқа куёв топиб узатсинлар. Мен Фарвизга уйланаман! — деди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (45-қисм)

 

 

 

loading...