Пашинян Путинга Арманистонда янги АЭС қуриш ғоясини таклиф қилди, Путин Арманистонни COVID-вакцина билан таъминлашга ваъда берди

0

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан Москвада ўтказилган музокаралар чоғида Путинга Арманистонда янги АЭС қуриш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Sputnik Армения»га таяниб, «РБК»хабар берди.

«Умид қиламанки, бугун биз стратегик инвестициялар билан боғлиқ баъзи масалаларни муҳокама қиламиз. Шу нуқтаи назардан бугун сиз билан Арманистон Республикасида янги атом электр станциясини қуриш имкониятларини муҳокама қилмоқчиман», — деди Пашинян. У минтақада савдо-иқтисодий алоқаларни ва транспорт йўлларини тиклаш имкониятини «ниҳоятда муҳим масала» деб атади, шундагина Арманистон ривожланиш учун янги истиқболларга эга бўлишини таъкидлади. Ҳозир мамлакатда мавжуд Арманистон атом электр станцияси 1969 йилдан 1977 йилгача Мецамор шаҳри яқинида қурилган. Станция ВВЕР-440 реакторлари бўлган иккита энергия блокидан иборат.

Аввалроқ музокаралар тўғрисидаги эълонда учрашувнинг асосий мавзуларидан бири минтақадаги транспорт коммуникациялари ҳаракатини блокдан чиқариш шартлари бўлиши, бу эса 2020 йил 9 ноябрда Тоғли Қорабоғда урушни тугатган уч томонлама тинчлик шартномасида назарда тутилгани айтиб ўтилган эди.

«Музокарада Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь ва 2021 йил 11 январдаги Тоғли Қорабоғ тўғрисидаги баёнотларини амалга ошириш борасидаги ишларни, шунингдек, минтақадаги мавжуд муаммоларни, хусусан, Жанубий Кавказдаги иқтисодий ва транспорт алоқаларини тиклаш шароитини ҳал қилиш бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқиш режалаштирилган», — деган эди Кремль.

2020 йил июль ойида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можаронинг навбатдаги кескинлашуви пайтида Боку Мецамор шаҳри яқинидаги АЭСга юқори аниқликдаги ракета зарбаси бериш имкониятини эълон қилди. «Арманистон унутмаслиги керакки, Озарбайжон Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган сўнгги ракета тизимлари Мецамор АЭСга аниқ зарба беришга қодир, бу эса Арманистон учун фалокат бўлади», — деган эди Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари полковник Вагиф Даргяхл. Ереванда бу баёнотлар давлат миқёсидаги терроризмининг намойиши ва «Озарбайжоннинг геноцид ниятлари» ифодаси сифатида баҳоланди.

Шунингдек, 2021 йил 11 январда Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Тоғли Қорабоғни ривожлантириш бўйича қўшма баёнотни имзолаган эди. Унда минтақадаги иқтисодий ва транспорт инфратузилмаси муаммоларини ҳал қилиш учун бош вазир ўринбосарлари даражасида ишчи гуруҳ тузилган. Ишнинг асосий йўналишларидан бири Озарбайжон ва Арманистон орқали ўтадиган халқаро транспорт алоқасини блокдан чиқариш, инфратузилма объектларини тиклаш ва янгиларини қуришдан иборат, деб белгиланган эди.

Шунингдек, музокаралар давомида Путин Пашинянга Арманистоннинг COVID-19 вакцинасига бўлган эҳтиёжини қондиришга ваъда берди.

«Бизнинг вакциналаримиз жуда катта ҳажмда ишлаб чиқарилмоқда. Шунинг учун мен Арманистонга вакцина етказиш масаласини Россия фуқаролари ва истеъмолчиларига зарар етказмасдан, ҳал қиламиз деб ўйлайман», — деди Путин Пашинян билан музокаралар пайтида. Арманистон бош вазири Россиянинг «Спутник V» вакцинасининг биринчи партияси 8 апрель, пайшанба куни 15 минг дозада келиши кераклигини айтди ва умуман олганда, унинг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирусга қарши вакцинанинг 1 миллиондан ортиқ дозасига талаб бор.

«Биринчи партия — рамзий партиядир. Биз катта миқдордаги рус вакцинасини сотиб олишга умид қиламиз, чунки у ўзининг самарадорлигини исботлаган», — дея таъкидлади Пашинян.

Путин Россияда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш ҳажми мамлакат ичидаги эҳтиёж билан таққосланишини таъкидлади. Россияда эмлаш кампанияси давом этар экан, аксарият одамлар вакцина олишни хоҳламоқда, дея қўшимча қилди у. «Мамлакатимизда вакцина ишлаб чиқариш ҳажми ва бизнинг вакцинамизни олишни истаганлар сони бир-бирига мувофиқ келади ва ҳатто таъминотнинг бироз устунлиги бор. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб бормоқда», — деди Россия раҳбари.

 

loading...

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here