Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (47-қисм)

0

Ўша куни Муҳаммад мирзо илк бора тахтга ўтирди. Шунчаки юриб бориб ўтирди. Тахтда қандай сеҳр борлигини билмоқчи бўлди. Узоқ ўтирди, лекин фавқулодда бир ҳолатни англамади, ҳис этмади. Пайқагани шу бўлдики, тахтда ўтирган одамга пойгакдагилар майдароқ кўринаркан. Шунда унинг кулгиси қистади. Ихтиёрини жиловламади, қаҳ-қаҳ отиб кулди, чапак чалди ва ўтирган жойидан сакраб туриб, онасининг ёнига борди.

— Бугуноқ никоҳ маросимини ўтказамиз, — деди у шошиб. — Эртага етим-есирларга, камбағал-бечораларга егуликлар улашамиз. Бироқ базм уюштиришнинг мавриди эмас, қашшоқлар кўп, аввало, уларнинг қорнини тўйғазишимиз зарур.

— Сарой аъёнлари норози бўлиши мумкин, — деди ўғлининг шахтидан чўчиб Зебо.

— Сарой аъёнлари… Уларни қўя туринг, кечаги кунгача улар ҳамма қатори эди.

Зебодан бу гапни эшитган Халил мерган ўйланиб қолди. Ҳар сафар шодлигу ташвишлар садоқатли одамлар билан баҳам кўриларди. Шундагина янгидан амал олган беклар, мингбошилар, вазирлар ўзларини подшога яқин ҳисоблашарди. Бундай кутилмаган қарорлар уларни эсанкиратиб қўйиши тайин. Шундай экан, юртни ҳам бундай аҳволда узоқ бошқариб бўлмайди. Фуқаронинг кўнглини олиш билан бирга, амалдорларни ҳам хафа қилиб қўймаслик лозим. Айни чоғда Муҳаммад мирзо ҳатто фитначиларга ҳам раҳм-шафқат қилди. Ҳозирча амалдорлар унинг тадбирларини маъқуллаб туришибди. Ҳали оёққа мустаҳкам туриб олганларидан сўнг бош кўтариб қолишади. Кўзларига орттирган мол-давлатлари оз кўринади. Шаҳзодадан янаям кўпроқ бойлик талаб қила бошлашади. Демакки, бошқарувда одиллик билан бирга, албатта, қаттиққўллик ҳам зарур. Буни мирзога баҳамжиҳат тушунтириш лозим.

Шу мақсадни кўнглига туккан Халил мерган Эрғозини машваратга чақирди. Иккиси, аввало, мирзонинг уйланиши билан боғлиқ тадбирларни маслаҳатлашишди. Сўнгра мерган унга кўнглидаги гапларини айтди.

— Мен ҳам сизнинг маслагингиз тарафдориман. Биз бек мақомини берган савдогарнинг қадам олиши хийла ўзгариб қолди. Эшитишимга қараганда, у хуфиёна лашкарларининг сонини ошираётган экан. Агар бунга эътиборсиз бўлсак, бир куни бошимизга бало ортиши тайин, — деди мерганнинг гапларини эшитиб Эрғози.

— Унда сиз, албатта, унинг навкарлари орасига ўз одамингизни қўйинг. Ҳар недан хабардор бўлиб турсин, — дея Эрғозига тайинлади Мерган.

Унинг нияти, нима қилиб бўлса ҳам, мирзонинг давлатга қизиқишини орттириш эди. Зеро, Аҳмад шайхнинг тарбиясини олган одам ҳукмдорликни истамаслигини у яхши биларди. Лекин бошқа томондан, шаҳзоданинг уруғи ҳукмдорларга бориб тақалади. Демакки, кун келиб, у юртни бошқара бошлайди. Яхши тарбия ва насл-насабнинг уйғунлигига эга мирзодай зот, албатта, юртда одиллик ўрнатади.

Мерган кўп ўйлади ва мулоҳазаларни Зебо билан Фарвизга ҳам уқтиришни дилига тугиб қўйди.

Камтарона ўтган никоҳ маросимидан кейин Фарвизнинг ёнида шаҳзода ўзини енгил ҳис қилди.

— Сарой бўлмаса, атрофимизда одамлар ҳам камроқ бўлса-ю, иккимиз эмин-эркин турмуш кечирсак, — деди у маъшуқасининг сочини силаркан.

— Ҳарамга ҳар ким ҳам киравермайди. Эркингиз қўлингизда, ҳазрати олийлари…

Шаҳзода туйқус ўрнидан туриб кетди, чуқур-чуқур нафас олди. Кўзини чирт юмиб, ўзини босишга ҳаракат қилди.

— Сизга нима бўлди, хожам? — сўради ундан Фарвиз.

— Ўтинаман, — деди у томонга ўгирилган шаҳзода, — минбаъд мени “ҳазрати олийлари” деб атаманг.

— Нега энди? Юрт сизнинг ихтиёрингизда-ку…

— Шошилмайлик, маликам, — деди қайтиб унинг ёнига ўтирган шаҳзода ва бир муддат Фарвизга тикилиб қолди. Сўнг юмшоқлик билан:

— Менга айтинг-чи, сизга нечта чўри тайинланди? — дея сўради.

— Бешта, — дея бошини эгди Фарвиз ва бир муддат сукут сақлаб тургач деди, — яна иккита канизак ҳам бор.

— Канизак?! — дея пешонасини тириштирди мирзо.

— Шундай, хожам.

— Уларга не ҳожат?

— Ҳар бир юртда шундай урф-одат, султонларнинг хотинлари билан бирга канизаклари ҳам бўлади.

— Бунисини биламан. Лекин менга канизакларнинг асло кераги йўқ, — деди мирзо. Унинг хаёлига устозининг ўгити келганди. “Ҳар бир давлат, жамиятни бузгувчи, аслида, султонларнинг аёллар билан айшу ишратидир. Туғилажак фарзандларининг отаси бир бўлгани билан, оналари бошқа-бошқа бўлади. Шундай экан, вақт-соати келиб, ҳар бир она ўз фарзанди тахт вориси бўлишини истайди. Демакки, султон оламдан ўтиши билан мамлакатда хунрезликлар бошланиб кетади. Оқибатда, минглаб бегуноҳларнинг қони дарё-дарё бўлиб оқади”, деган эди Аҳмад шайх. Қолаверса, бундай воқеага мирзонинг ўзи гувоҳ. Давронқул султонни ўз ўғилларидан бири қатл этди. Ўрнига тахтга чиқди. Аммо кўп ўтиролмади. Бошқа бир шаҳзода қўшин тортиб келди… Бунга чек қўйиш даркор. Битта мамлакатда бир шоҳ, бир малика бўлади.

— Лекин волидангизнинг хоҳиши шундай бўлган, — деди бошини кўтаролмай Фарвиз.

— Эртагаёқ канизакларни бошқа юмушга буюрамиз.

Шу билан у рафиқаси — маликанинг кўнглини тоғдай кўтариб қўйди. Шу билан ўз кўнглини тубсиз жарликка улоқтиргандай бўлди. Чунки у энди сарой ташқарисидаги ҳаётдан мутлақо бехабар “қафасдаги қушлар”ни қўйиб юборишни ният қилганди. Энди бу ният эмас, Фарвизга ҳам айтди, демак, ваъда бериб қўйди. Умрида дала-даштдан егулик термаган, мудом тайёрига одатланган “қушлар”ни қўйиб юбораяпти… Дарвоқе, канизаклар сарой ташқарисини кўрган-ку, нега қайғуради? Бемалол яшаб кетади. Меҳрдоднинг ҳарамидан чиқмаган. Бошқа юрт маликаси эмас. Демак, аввалдан бек ёки амалдор, жуда бўлмаганда, савдогарнинг қизи. Улар маликаларга нисбатан уқувли бўлишади…

Орзулари ушалиб, бахт шаробидан тўйиб-тўйиб ичган Фарвиз ширин ухлаб ётганида мирзо унинг сочларини силади. “Мендан ҳукмдор чиқмайди. Мен туфайли юрт хонавайрон бўлади. Эртароқ этак қоқишим керак”, деб ўйлади ичида.

Ўғлининг фармонини эшитиб, Зебо бир қалқиб тушди. Тезда у билан гаплашмоққа чоғланди. Аммо имкони йўқ эди. Шаҳзода машварат ўтказар, у машваратнинг бир иштирокчисига айланганди. Халил мерган, Эрғози, Матёқубнинг гапларини эшитаётиб, тахтдан қуйироқда ўтирарди. Кўзига энди бошқалар майда кўринмаётган эди. Ҳар-ҳар замон гарангсиб бир чеккада жимгина ўтирган Омонёрга қараб қўярди. У шунчаки мадад сўраб, Муҳаммад мирзонинг ёнига борган эди. Шаҳзодаларнинг тахт талашишидан бегуноҳ одамлар қони тўкилаётганини айтиб борган эди. Ўзига амал тиламаганди. Аммо ишнинг кўзини биладиган, садоқатли одамлар камчилиги боис, у ҳам вазирнинг ёрдамчиси бўлиб қолди. Энди ўтирибди ҳеч балога ақли етмай. Темирчилар, дурадгорлар, кулоллар ёнида бўлганида у ўзини фаросатлироқ тутарди… Мирзо аввал ўзига, кейин унга ачинди. “Тақдирнинг ўйинини қаранг, икковимиз ҳам бир юмалаб тахтга чиқдик. Чиқишга чиқдик, аммо энди нима қилишни билмаяпмиз. Билганимизда нима? Нимани билишимиз керак, аслида? Юртни бошқаришда қаттиққўллик керак. Кошки, қаттиққўллик бировга қаттиқ-қурум гапириш, ошиб борса, бир-икки шапалоқ туширишдан иборат бўлса. Афсуски, ундай эмас-да. Фармонингни бажармадими, юмушни кўнглингдагидай эпламадими, шамширингни чиқариб, бўйни-елкаси аралаш солишинг керак. Буни кўрган бошқалар юракларини суғуриб, қўлингга тутқазишади, биз эплолмадик бу юракни, ўзингиз бир нима қилинг, дейди… Бечора Омонёр, ич-ичингдан менга хабар етказганингга афсус чекиб ўтирган бўлсанг керак. Майли, хавотир олма, яқинда ҳаммасидан қутуламиз”.

Ўй-хаёлга берилиб кетган мирзо нигоҳини мерганга қаратди. Мерган солиқ ҳақида гапирарди. Одамларнинг даромадидан бир қисмини хазинага топшириши, айни чоғда, фуқаролар ҳовлисидаги мевали-мевасиз дарахтга ҳам, оз бўлса-да, солиқ солишни таклиф қилаётганди.

— Ўзингизга аён, — деди мирзо унинг гапини бўлиб, — шаҳар қум барханлари, бийдай чўлда турибди. На дов-дарахти бор ва на кўм-кўк ўтлоқзор. Дарахтни биров ўтқазмайди. Биров кўкни кўрса, юлиб олади. Сабаби, ҳовлисида кўкарган ниҳолми, ўт-ўлан бўлса, солиқ тўлайди. Икки навкарни бошлаб келган солиқчи бор-йўғини шилиб кетади.

Машварат аҳли жимиб қолди. Бир-бирларига ўғринча қарашди.

— Фуқаронинг ҳовлисида ўсадиган дов-дарахтга тегинилмасин. Фуқароларнинг бойигани — юртнинг бойигани… Қолган маслаҳатларни кейин қиламиз. Ҳаммангиз юмушингиз билан шуғулланинг.

Онаси кириб келганда мирзо асабий ҳолда эди. У мерганга жудаям ишонганди. Ҳатто юртни унга топшириб кетмоқчи эди. Аммо унинг солиқ тўғрисидаги гапларини эшитгач, ҳафсаласи пир бўлди.

— Шаҳзодам, — деди унинг ёнига келган Зебо, — нега бунча хомушсиз?

— Асло, — деди жилмайишга уринган мирзо, — эҳтимол, сизга шундай туюлгандир.

— Куни кеча никоҳдан ўтгансиз. Бирор ҳафта юмушлардан четда бўлганингиз маъқул.

— Юмушларим бисёр.

— Иншооллоҳ, юмушларингиз кушойиш бўлади… Шаҳзодам, кўриб турибман, ташвишингиз зиёда, начора, қотган бошингизга мен-да ортиқча юк бўлишга мажбурман, — деди Зебо ўғлига янада яқинлашиб.

— Сиз нафақат бошимни қотиришга, балки қийнашга-да ҳақлисиз, она.

— Йўқ, шаҳзодам, ундай деманг… Келишимнинг боиси канизаклар…

Мирзо онаси билан дийдорлашиб, юрагидаги ғуборларни ҳайдамоқчи эди. Бўлмади. Бирдан жиддий тортиб қолди.

— Шахсан ўзингиз бир ёқли қилишингиз лозим бўлган юмуш боис ёнингизга келдим.

— Фарвиз хонимга ҳаммасини айтдим, она. Менга канизакларнинг асло зарурати йўқ. Ёдингизда бўлса, бир пайтлар ўзингиз давлатни кўп хотинлилик адо қилади, дегандингиз. Канизак, гарчи никоҳдан ўтмаса-да, маликадан фарқ қилмайди…

— Шаҳзодам, гапларингиз жўяли. Аммо сиз… бутун меҳр-муҳаббатингизни битта аёлгагина беролмайсиз…

— Жудаям тўғри. Мен битта эмас, балки иккита аёлга меҳр қўйганман. Биринчиси — сиз, кейингиси — келинингиз Фарвизхоним. Ортиқ аёл мендан муҳаббат кутмасин… Дарвоқе, сарой амалдорлари орасида сўққабошлар бўлмаслиги керак. Боягина машваратда Омонёрга кўзим тушди. Ҳалиям у хотинсиз экан. Сиздан сўровим, канизаклардан бирини унга никоҳлаб берсангиз.

Мирзо саволга ўрин қолдирмади. Шу боис Зебо тезда ортига қайтди, ўғлига лом-мим деёлмади. “Эҳтимол, — ўйлади у, — Муҳаммад мирзо ҳақдир. Ҳақиқатан кўп хотинлилик… аслидаям кўпхотинлилик ҳеч вақт салтанатга яхшилик келтирмаган. Мудом жанжал, хунрезликка сабаб бўлган. Баски, мирзо ҳақ”.

Шу ўй-хаёлларда Зебо ҳарамга кирди. Аввал ўғлига деб ўзи танлаган канизакларга дуч келди. Бирининг қўлида биллур идиш, суюқликка тўла. Айни чоғда ҳар икки канизакнинг ҳам кўзлари бежо. Фақат бунга Зебо эътибор бермади. Канизакларнинг илтифот билан берган саломларига алик олди. Шу маҳал негадир унинг кўнгли айний бошлади. Беихтиёр томоғини силади. Ютоқиб нафас олди. Бироқ кўнгил айниши ўтиб кетмади. У канизаклар билан бир-икки оғиз гаплашмоқчи эди, аммо имкони бўлмади. Сўзлашганида, балки умрида биринчи марта бундай фитнага қўл ураётган ҳарам вакилаларининг идишидаги суюқликка заҳар аралашганини сезар ва уни ичиши лозим бўлган Фарвизни хавфдан асраб қолган бўларди.

 

(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (45-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (46-қисм)

 

 

 

loading...