Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (48-қисм)

0

Аммо сарой маликасининг ўзи фитнанинг олдини олди. Тасодифми ёки омад, балки ички сезги боис муқаррар ажалнинг йўлига тўғоноқ бўлди. У қайнонаси энгашиб ўқчиётганида келиб қолди.

— Ойижон! — дея қичқирганча Зебонинг ёнига келиб, манглайига қўлини қўйди. Шундан кейингина канизаклар ҳам ўқчиётган сарой бекасининг атрофида парвона бўлиб қолишди. Фарвиз уларга ғазаб билан қараб, Зебони ётоғига олиб боришни буюрди. Канизаклардан бирининг қўлидаги идишни эса ўзи олди. Уларнинг ортидан бораркан, идишни кираверишдаги токчага қўйиб қўйди. Шундан сўнг табиб чақирилди.

Табиб Зебонинг ҳомиладорлигини айтиб, Фарвизни қутлади. Сўнгра бемор оғзини сувда чайишини буюрди. Шунда Фарвизнинг ёдига токчадаги идиш тушди. Канизакларга айтиб ўтирмай, югуриб бориб идишни олиб келиб, табибнинг қўлига тутқазди. Табиб аввалига, таомилга кўра, заҳар солинган сувни Зебога ичириб кўрмоқчи бўлди-ю, бирдан тўхтади. Подшолар, уларнинг яқинлари, ён-атрофидагиларга бериладиган таом аввал текширувдан ўтиши керак эди. Гарчи сувни маликанинг ўзи келтирган ва унинг тозалигига шубҳа бўлмаса-да, одати бўйича, озгина ичиб кўрмоқчи бўлди. Сувга тилини теккизиши билан бирдан бошини кўтариб, маликага қаради ва бўш қўли билан тилини артди.

— Ҳазрати олиялари, — деди Зебога қўрқа-писа қараркан, — сувни қаердан олгандингиз?

— Токчадан олдим. Унгача канизаклар қўлида эди у. Нима эди? — сўради ҳайрон бўлган Фарвиз.

— Нима десам экан… — дея иккиланди табиб.

— Тоза эмасканми?

— Афсуски, шундай, маликам.

— Хўш? — деди кўнгли ниманидир сезган Фарвиз киприклари пирпираб.

— Сувга заҳри қотил қўшилган!

— Нима?! — дея бақириб юборди Фарвиз ва кўзлари олайиб, аста-секин ортга тисарилаётган канизакларга қаради.

Аламидан Фарвизнинг ранги оқариб кетган эди. Канизаклар ёнига бориб, ҳар иккисининг башарасига шапалоқ туширди. Эшик ортида турган соқчиларни чақириб, уларни зиндонга қамаб қўйишни буюрди.

Зебо ҳаммасини эшитиб ётган эди. Унинг кўзидан ёш оқар, гапиролмасди. Тили танглайига ёпишиб қолгандай эди. Қўлларини қимирлатишга ҳам мадори йўқ эди. У: “Ҳамма нарса бўлиши мумкин-у, аммо мен танлаган канизаклар, гарчи ўғлимнинг уларга мойиллиги бўлмаса-да, садоқат билан хизмат қилишади”, деган хаёлда эди. Бироқ, мана, ҳали саройга ўрнашиб олмасдан бурун хиёнат кўчасига киришга жазм этишибди.

— Ойижон, — деди Фарвиз қайнонасининг ёнида тиз чўкиб, — мени кечиринг!

Зебо унга юзланди. Келини — ўғлининг ёлғизгина жуфти ҳалоли юзидаги томчиларни ҳали-ҳануз жозибасини йўқотмаган нозик бармоқлари билан секин артди.

— Қизим, сизда не гуноҳ бўлсинки, мен сизни кечирайин? Аслида, мен ўзим хато қилибман. Шаҳзоданинг истакларига қарши борибман. Мана, оз қолди ўзим жабр тортишимга. Буюринг, табибга зарбоф тўн ёпишсин. Воқеадан эса, аввало, Халил мерганни хабардор этинг. Агар у лозим топса, Муҳаммад мирзога айтсин… Эҳтимол, бу хабар шаҳзодагача етмагани ҳам маъқулдир. Мирзо хиёнаткорларни жазолашни истамас…

— Хўп бўлади, ойижон, — дея Зебонинг ётоғидан чиқди Фарвиз.

Бу нохуш хабарни маликанинг ўзидан эшитган Мерган бир қалқиб тушди. Вужудига енгил титроқ кирди. Сўнг бир муддат ўйланиб туриб, шаҳзоданинг ёнига борди. Уни хабардор этмаса, эрта бир кун бошқача фитналар ҳам рўй бериши мумкинлиги ва бунинг учун юрт султони қаттиққўллик қилиши зарурлигини айтишни кўнглига тугди.

— Наҳотки?! — деди шаҳзода қошини чимириб. Сўнг кўкрагини кўтариб чуқур нафас олди. Қўлини манглайига тираб, бир муддат ўйга толди.

Мерган унга тикилганча жавоб кутаркан, шаҳзоданинг қиёфасида қаҳр-ғазаб аломатларини кўрмади. Ахир волидаи муҳтарамасига фитна уюштиришди. Шунда ҳам одам чорасиз кишидай ўтираверадими? Бир оғиз ҳукм: “Қатл этинг!” Тамом-вассалом. Шу заҳоти фармон ижро этилади. Бу бошқаларга ҳам сабоқ бўлади. Қани, кейин биров бош кўтариб чиқсин-чи. Одамлар ҳам ғалати: дориломон замон келганидан хурсанд бўлиб умргузаронлик қилишмайдими? Келиб-келиб маликага фитна уюштиришадими?!

Мерган талай муддат ўз хаёлларига кўмилиб ўтирди. Ўйлай-ўйлай юраги сиқилди. Устидаги кийимлари танига оғирлик қилаётгандай туюлди. Шаҳзода эса, бошини кўтармайди, гапирай демайди. Манглайига қўлини тираган кўйи қимир этмайди.

— Ҳазрати олийлари, — деди тоқати тоқ бўлган мерган, — изн беринг, жиноятчиларни жазолайин.

Шундан кейингина мирзо унга қаради.

— Шайтон одамни ҳар кўйга солиши мумкин. Ҳар қалай, Раҳмон биз тараф бўлибди. Канизакларнинг ҳеч бир айби йўқ. Айтинг, кўпроқ намоз ўқишсин, ҳазрати пайғамбарнинг номини такрорлашдан тўхташмасин. Майли, саройда қолишсин. Фақат ҳарамдан ташқарида бўлиб, ошхона ишларига мутлақо аралашмасинлар.

Мирзонинг фармойиши мерганни карахт қилиб қўйди. У ҳеч қурса, бадарға қилади, деб ўйлаган эди. Аммо… Ахир уларга жаннатдаги ҳаёт инъом этилди-ку, бунисига чидаб бўлмайди.

— Тақсир, бир қошиқ қонимдан кечинг. Фармойишингиз ёмон ниятли кимсалар учун айни муддао. Улар ҳар қандай шароитда ҳам бузғунчилик ишларига берилишдан тап тортишмайди. Илтимос, қарорингизни ўзгартиринг. Жиноятларига муносиб жазо беринг, — деди у хиёл бошини эгиб.

— Менимча, жазонинг уларга муносиби шу. Чунки уларнинг истаклари буткул бошқача бўлган. Энди кўп нарсани кўришади, бироқ қўллари билан ушлашга, тановул қилишга ҳақлари йўқ.

— Олий насаб виждон эгаларигагина бундай жазо жазолар ичида энг оғири бўлар. Аммо канизаклар бундан фақатгина хурсанд бўлишади.

— Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз. Бироқ аёлни хўрлаш бизнинг табиатимизга бегона.

— Фармонингиз бош устига, — деб ноилож қолган мерган қўлини кўксига қўйиб, бошини эгди ва чиқиб мирзо иккаласи ўртасидаги гапни Фарвизга етказди. Малика ҳам ажабланди. Унинг-да кўксига бир нима санчилгандай бўлди. У ҳам мирзонинг қарорига тушунмасдан, бошқача хаёлга борди. Яъниким шаҳзода иккала канизакни ҳам кўрган, иккаласи ҳам унинг қалбида ишқ оловини ёққан. Шу боис уларни жазолашга ҳадди сиғмаган. Бундан чиқди, албатта, яқин ойлар ичида улар яна ҳарамда пайдо бўлишади ва бу сафар олдингисидан ақллироқ иш тутишади.

Фарвиз мерганнинг гапларини охиригача эшитиб, ўзи мирзонинг ёнига боришга қарор қилди. Эшикбон маликанинг келгани ҳақида хабар бергач, Мирзо ўрнидан турди ва унга пешвоз чиқди.

— Ҳазратим, — деди Фарвиз овозини майинлаштириб, — амрингизга қарши чиқишга асло ҳаддим сиғмайди. Аммо волидаи муҳтарамангиз ва, қолаверса, менга суиқасд уюштирмоқчи бўлганларга бундай мурувват мени бироз ташвишга қўйди.

— Шайтон измига бир кирган одам кейинги гал эҳтиёт бўлади.

— Мен ҳам сизга айни шуни айтмоқчи эдим. Аслида, менинг сув ичгим келганди ва сув олиб келишни буюргандим. Мен қурбон бўлишим керак эди. Оллоҳ асрасин-у, мен ёки онангиз сувни ичиб қўйганимизда ҳам, шундай фармон берармидингиз?!

Маликанинг кўзида ёш жилваланди.

— Ҳаётим шами, — дея уни эркалади шаҳзода, — ёмон ўйларни хаёлингиздан чиқариб ташланг. Канизаклар ҳарамга қайтиб киришмайди… Эҳтимол, киришар, аммо унда мен бўлмайман.

— Ҳазратим, — дея ялт этиб Фарвиз Мирзога қаради, — нималар деяпсиз?!

— Аслида, бу гапни бафуржа айтганимда маъқулроқ эди. Лекин вазият шуни тақозо қилиб турган экан, айтмасдан бўлмас. Хуллас калом, сарой ҳаёти мени қийнаб қўйди. Шу боис, кетишга қарор қилдим. Менинг ўрнимга Халил юртга бош бўлади. Унинг айрим қусурларини ҳисобга олмаса, салтанатда одиллик ўрнатишига аминман.

— Лекин…

— Маликам, ҳаммасини тушуниб турибман ва бу қарорга дарров келганим йўқ. Шу боисдан ҳам, номимни хутбага қўшиб ўқишларига қарши бўлдим, тож кийишдан бош тортдим. Мен машварат чақираман ва биз эртагаёқ йўлга тушамиз: онам, отам, мен ва сиз. Сўнгра Омонёр деган бир инсон бор. Неча вақтдан бери кузатаман, тишини тишига босиб юрибди, саройдан уни ҳам олиб кетамиз.

Фарвиз туш кўраётганга ўхшарди. Ҳозир уйғонса, ҳаммаси асл ҳолига қайтади, деб ўйларди.

— Менга ука, сизга эса қайнука муборак бўлсин! Волидам бўлгани учун онамни табриклаш қўлимдан келмайди.

Фарвиз минг ўй-хаёл билан Зебонинг ёнига борди. Кўзида ёш билан шаҳзоданинг гапларини унга сўйлаб берди. Зебо ҳам талай муддат ўйга чўмди. Сўнгра ўғлининг қарорини маъқул топди. Зеро, ҳар гал қаршилик қилганида, албатта, кўнгилсизлик рўй бергани уни мулоҳазалироқ бўлишга мажбур этган эди.

Мерган дастлаб юртни бошқаришга қурби етмаслигини баҳона қилиб, розилик бермай турди. Аммо шаҳзоданинг қарори қатъийлигини билгач, ноилож кўнди.

Тонг ғира-шира отаётган маҳал шаҳардан олтита отлиқ чиқиб кетди. Мирзо устозининг уйини макон қилмоқчи эди. Бироқ Халил мерган “Ҳозирча бормай турганингиз маъқул. Орадан фурсат ўтсин, кейин бутунлай яшаш учун борарсиз”, дея маслаҳат бергач, тоққа — Маматғули қароқчининг маконига йўл олди. Лекин бу ҳақда бировга бир нима демади. Унинг бундай қарорга келиши, албатта, тушуниксиз эди. Шунинг учун ҳамроҳларини хабардор этмади.

Улар йўл-йўлакай лўлилар қишлоғига киришди. Лекин бу пайтда у ерда ҳеч ким йўқ эди. Лўлилар аллақачон кўчиб кетишган, фақат бир уй орқасида ўсган дарахтнинг йўғон шохида аллакимнинг мурдаси осилган эди. Мирзо ҳайратдан донг қотди. Дарахт остидаги матони кўриб билдики, лўлилар бир аёлни осишган. “Майли, — хаёлидан ўтказди мирзо, — хиёнаткордир, ёмондир, исталганча нафратга лойиқдир бу аёл, лекин суякларнинг дарахт шохида илиниб туриши яхши эмас”.

У отаси ва Омонёр кўмагида мурданинг суякларини одам оёқ босмайдиган жойга кўмди. Шу маҳал ўзининг дардига шифо етказган фолбин лўли кампирни эслади. Лекин бу суяклар уники эмасди.

Фарвиз ўзига таниш манзилга етганларидан кейин узоқ йиғлади. Мирзо эса икки кун тиловат қилди.

 

(Тугади)

Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (35-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (36-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (37-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (38-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (39-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (40-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (41-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (42-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (43-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (44-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (45-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (46-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (47-қисм)

 

 

 

loading...