Талон-тарож қилинаётган имтиёзли кредитлар

0

Чортоқ туманида таъминотчи корхона ва банк муассасаси масъуллари имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирганлиги фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ “Микрокредитбанк” Чортоқ филиали масъул шахслари таъминотчи корхона раҳбарлари билан олдиндан тил бириктириб, 15 нафар фуқаро номидан “Х.Р.”фермер хўжалиги билан 226,1 млн сўм, “С.М.” МЧЖ билан 60 млн сўм, “Ч.Қ.” МЧЖ билан 40 млн сўм ва “Ch.B.” МЧЖ билан 23 млн сўм имтиёзли кредитларни сохта ҳужжатлар орқали расмийлаштириб, фуқароларга маҳсулотларни етказиб бермасдан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
——-
“Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида ажратилган маблағларни ўзлаштирган таъминотчи корхона раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пастдарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ “Агробанк” Гўзалкент филиали мансабдор шахслари таъминотчи корхона “Г.Ч.” фермер хўжалиги раҳбари билан олдиндан тил бириктириб, “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида ажратилган маблағлар ҳисобидан фуқаро Г.Ю. ва бошқалар 241,8 млн сўмлик наслли чорва молларини олганлиги тўғрисида сохта кредит ҳужжатларини расмийлаштириб, давлатнинг мақсадли кредит маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

loading...