Бишкекда олиб қочилган қизнинг жасади топилди. Ички ишлар вазиридан истеъфо талаб қилинмоқда

0

Қирғизистонлик 27 ёшли Айзада Канатбекова 5 апрел куни Бишкек шаҳрида ўғирлаб кетилган.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, уч нафар эркак қизни мажбуран машинага ўтқазиб, олиб кетаётгани камераларга тушиб қолган.

Гарчи қиз олиб қочиб кетилган машинанинг давлат рақами маълум бўлса-да, ички ишлар органлари зудлик билан уни топиш, жиноятнинг олдини олиш пайида бўлмагани айтилмоқда. Қолаверса, ҳодиса гувоҳи бўлган қизнинг одам ўғирлангани ҳақидаги хабари ҳам масъулларни ҳаракатга келтира олмаган.

Фақатгина қизнинг онаси маҳаллий вақт билан соат 13:38да фарзандининг ўғирлаб кетилгани бўйича расман арз қилганидан кейингина қидирув ишлари бошланган.

Икки кундан сўнг Бишкек яқинидаги Чуй вилоятидаги далада турган автомобил салонида қизни зўрлик ишлатиб ўлдириш аломатлари бўлган ва 36 ёшли эркакнинг пичоқ билан жароҳатлар етказилган ҳолатдаги жасадлари топилган. Уларни маҳаллий чўпон кўриб қолган.

Дастлабки тахминларга кўра, 36 яшар эркак қизни турмуш қуришга кўндиролмагач, уни бўғиб ўлдирган. Сўнгра ўз жонига қасд қилган.

8 апрел куни Бишкекда 27 ёшли Айзада Канатбекованинг ўғирланиши ва ўлдирилиши ҳолати юзасидан уч юзга яқин киши Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳукумат бинолари олдига намойишга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, «қиз (бўлғуси келин)ни олиб қочиш»га Қирғизистонда миллий анъана сифатида ёндашилади. Мамлакат Жиноят кодексида бунинг учун жазо бор, аммо у оғир эмас. Митинг иштирокчилари ушбу қарашни ўзгартириш кераклигини, «қиз ўғирлаш» инсоннинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини тўғридан тўғри поймол қилиш ҳисобланишини, бу миллий урф-одат эмас, балки оғир жиноят экани қонун даражасида тан олиниши ва ушбу жиноят учун жазо кучайтирилишини сўрашмоқда.

Намойишчилар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бу борада фаол эмаслигини таъкидлаб, ички ишлар вазири Улан Ниёзбековнинг истеъфога чиқишини талаб қилишган.

Ҳодиса юзасидан мамлакат парламентида ҳисоб берган вазир Ниёзбеков жавобгарликдан қочмоқчи эмаслигини, бу жиноятнинг содир этилишида маънан айбдор эканликларини таъкидлаган. У айни пайтда воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани, унинг натижаси бугун ва эртага маълум қилинишини айтган.

Канатбековани олиб қочишда иштирок этган илк гумонланувчи 7 апрелда, яна уч нафари 8 апрелда қўлга олинган.

Вазиятга даставвал Қирғизистон бош вазири аралашган бўлса, сўнгра президент Садир Жапаров ҳам муносабат билдирди.

Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов намойишчилар олдига чиқиб, ушбу иш президент ва ўзининг назоратида эканини айтган, шунингдек тергов-суриштирув ишлари учун вақт сўраган.

«Мен Айзада Канатбекова ишини шахсий назоратимга оламан. Бу ишни охирига етказиш керак, жазо эса муқаррар бўлади», – деб ёзган Қирғизистон президенти Садир Жапаров Facebook’даги саҳифасида.

Маълумот учун, 2018 йили никоҳга мажбурлаш мақсадида ўғирлаб кетилган 19 яшар Бурулай Турдиалиева ҳам ўлдирилган, уни олиб қочиб, сўнг ўлдирган шахс эса 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Маҳаллий ОАВда қизларни никоҳга мажбурлаш учун олиб қочилгани ҳақидаги хабарлар кўп учрайди. Аксар ҳолларда олиб қочилган қизлар ўзи истамаган шахс билан бирга турмуш қуришга мажбур бўлишади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қирғизистондаги ваколатхонаси Aйзада Канатбековани ўғирлаш ва ўлдириш ишига муносабат билдириб, унинг вафоти жамиятни аёлларни ўғирлаш ва мажбурий никоҳни тўхтатишга чақириқ эканини, бу ғайриинсоний амалиётга чек қўйиш кераклигини таъкидлаган.

loading...