АҚШда яна бир афроамерикалик ўлимидан сўнг намойишлар бошланди

0

Миннеаполис яқинидаги Бруклин-Сентер шаҳарчасида жойлашган полиция участкаси 20 ёшли Данте Райтни отган полициячи жазоланишини талаб қилаётган юзлаб намойишчилар томонидан ўраб олинганидан сўнг тўқнашувлар бошланган.

Шаҳарда комендантлик соати жорий қилинган, CBC телеканали хабарига кўра, Бруклин-Сентердаги барча мактаблар душанба кунидан ёпиқ бўлади.

Штат губернатори Тим Уолц вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилиб, Райтнинг оиласига ҳамдардлик билдирган.

Ҳозирда нималар бўлмоқда?
Якшанба куни кечқурун Миннеаполис марказидан бир неча километр шимолда жойлашган Бруклин-Сентердаги полиция участкасида махсус кийимдаги полициячилар намойишчилардан ҳимояланишди. Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллади.

Reuters агентлиги хабарига кўра, намойишчилар полиция автомобилларини тошбўрон қилган.

Маҳаллий нашрларда ёзилишича, тахминан худди шу вақтда шаҳардаги савдо марказига талончилар бостириб кирган, қўшни шаҳарча Бруклин-Паркдаги полиция участкаси эшиги томон ўқотар қуролдан ўқ узилган. Reuters шаҳар атрофидаги ҳудудларда жами 20дан ортиқ дўкон тунаб кетилганини хабар қилган.

Маҳаллий вақт билан тонгги соат олтигача комендантлик соати жорий этилгач, Бруклин-Сентер шаҳри мэри Майк Эллиот намойишчилардан тарқалиб, уйларига кетишни сўради.

«Илтимос, хавфсизликда бўлинг ва уйларингизга тарқалинг», дея ёзди у твиттердаги саҳифасида.

Миннесота миллий гвардияси хизматчиларининг бир қисми Бруклин-Сентерда бўлиб турибди, улар ўтган йил майида Жорж Флойдни ўлдириб қўйган собиқ полициячи Дерек Шовин устидан суд жараёни вақтида хавфсизликни таъминлаш учун шаҳар бўйлаб жойлаштирилган.

Данте Райт билан нима рўй берди?
Бруклин-Сентер полицияси маълумотига кўра, полициячилар якшанба куни йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун Данте Райтнинг автомобилини тўхтатишган. Ҳайдовчининг шахси текширилганида, у қидирувда экани маълум бўлган.

Райтни қўлга олишга уринишганида, у ўз машинасига ўтириб яширинишга уринган.

Полициячилардан бири рулга ўтирган Райтга қарата ўқ узган, шундан сўнг автомобил йўлда яна бир неча юз метрга ҳаракатланиб борган ва бошқа машинага бориб урилган. Полициячилар етиб келишганида Райт жонсиз ҳолатда бўлган.

Автомобилда Райтдан ташқари яна бир йўловчи аёл бўлган, у енгил тан жароҳати олган.

Полиция маълумотида қайд этилишича, ҳодиса вақтида полициячилардаги бодинкамералар ва уларнинг автомобилларидаги камералар ёниқ бўлган.

Райтнинг онаси Кэтининг айтишича, полиция томонидан тўхтатилган вақтда ўғли қўнғироқ қилган ва суғурта гувоҳномаси рақамини сўраган. Шундан кейин у шовқин овозини эшитган ва алоқа узилган.

«Бир дақиқа ўтиб мен қайта қўнғироқ қилдим, телефонга унинг ёнида бўлган қиз жавоб берди. У ўғлимни отиб қўйишганини […] ва ўғлим ерда ҳаёт аломатларисиз ётганини айтди», дея ҳикоя қилади Кэти Райт.

StarTribune нашрига берган интервьюсида у шундай дейди: «Бизга ҳеч ким ҳеч нарса демади. Биз билан ҳеч ким гаплашмаяпти. […] Мен ўғлимни ерда ётган ҳолда қолдирмасликларини сўрадим».

Шаҳар мэри Майк Эллиот ҳодисани фожиа деб атаган. «Бизнинг штат ҳуқуқ посбонлари туфайли ҳалок бўлган яна бир қора танли одам учун қайғуда», деган Миннесота губернатори Тим Уолц.

Миннеаполисдаги ҳолат
Шаҳарда уч ҳафтадан буён собиқ полициячи, Жорж Флойд ўлимида айбланган, мамлакатнинг ўнлаб шаҳарлари ҳамда бутун дунё бўйлаб намойишлар келиб чиқишига сабабчи бўлган Дерек Шовин устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда.

Айни вақтда 45 ёшда бўлган Шовинга 40 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид қилмоқда.

У ўзини айбдор деб тан олмаяпти. Ўтган йил майида айнан Шовин қўлга олиш чоғида тўққиз дақиқа давомида Жорж Флойднинг бўйнидан босиб турган, натижада Флойд бўғилиб ўлганди.

Суд яна камида бир ой давом этиши кутилмоқда. Полиция жараён давомида ва суд ҳукми ўқилганидан кейин шаҳарни намойишлар қамраб олишига тайёргарлик кўрмоқда.

loading...