Навоийда Nexia-3 ағдарилиши оқибатида уч киши вафот этди

0

Навоий вилояти Навбаҳор туманидан ўтувчи йўлда Nexia-3’нинг йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиши оқибатида уч нафар фуқаро вафот этди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи раҳбари Фаррух Якубов хабар берди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 11 апрель куни тахминан соат 18:20 ларда фуқаро З.Ҳ. ўзига тегишли Nexia-3 русумли транспорт воситасида Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р57 автомобиль йўлида ҳаракатланиб келган. Шу йўлнинг 22, 23-километрлари оралиғида Нурота–Навбаҳор йўналишида эҳтиётсизлиги оқибатида бошқарувни йўқотган.

Натижада автомобиль йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. Автомашина ҳайдовчиси З.Ҳ. ҳамда йўловчиси Ж.Р. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Йўловчи У.Б. эса оғир тан жароҳати билан Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва муолажаларга қарамай, у ҳам вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

loading...