Европа Иттифоқи Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди

    0

    Европа Иттифоқи Эронга қарши мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича санкциялар муддатини бир йилга узайтирди. Қора рўйхатга яна саккиз киши ва учта ташкилот қўшилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгашининг баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

    «Кеча кенгаш Эрондаги инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилишига жавобан чеклов чоралари муддатини 2022 йил 13 апрелгача узайтиришга қарор қилди. Шунингдек, 2019 йил ноябрь ойида Эронда бўлиб ўтган намойишларга зўравонлик билан жавоб беришдаги ролини ҳисобга олган ҳолда, кенгаш яна саккиз кишини ва учта ташкилотни санкциялар рўйхатига киритди», — дейилади баёнотда.

    Аввалроқ Европа Иттифоқининг доимий вакиллари қўмитаси Эронда инсон ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари кузатилган деб гумон қилган ҳолда саккиз нафар жисмоний ва уч юридик шахсга нисбатан чеклов чораларини қўллаш ҳақида келишиб олган эди.

    Кенгашнинг қайд этишича, «ушбу чоралар мамлакатга киришни тақиқлаш ва активларнинг музлатилишини, шунингдек, ички репрессия учун ишлатилиши мумкин бўлган ускуналар ва телекоммуникацияларни кузатиш мосламаларининг Эронга экспорт қилинишини чеклашни кўзда тутади». «Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг фуқаролари ва компаниялари учун рўйхатдаги жисмоний ва юридик шахсларга пул маблағларини бериш та’қиқланади», — дейилади ҳужжатда.

    Эндиликда қора рўйхатда Эроннинг жами 89 нафар жисмоний ва тўртта юридик шахси мавжуд. Кенгашнинг қайд этишича, Эронга қарши санкциялар биринчи марта 2011 йилда киритилган ва шундан буён ҳар йили уларнинг муддати узайтириб келинади.

    Маълумот учун, АҚШ 2017 йилдан буён Эронга қарши киритган барча санкцияларини бекор қилишдан бош тортди, Эрон эса АҚШнинг Теҳронга қарши санкциялари бекор қилинмагунча уранни бойитиш даражасини 20 фоиздан туширмаслигини маълум қилди.

    Шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден Эронга қарши санкциялар муддатини бир йилга узайтиришга қарор қилди. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШнинг Эрон билан дипломатик алоқаларга очиқлиги, аммо Теҳронга қарши жорий этилган бир томонлама санкцияларни юмшатмоқчи эмаслиги таъкидлади.

    Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний эса уч йил олдин тикланган АҚШ санкциялари Эронга тўғридан-тўғри 200 миллиард доллардан ошиқ зарар етказганини маълум қилди.

    loading...