Фарғона ва Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар қўлга олинди

0

Фарғона шаҳар ва Яшнобод туманларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Матбуот хизмати маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “А.И.” МЧЖга қарашли ҳайдовчилар тайёрлаш мактаб ўргатувчиси Ж.Т. фуқаро О.нинг ишончига кириб, имтиҳон топширмасдан “D” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш масаласини танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 550 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департамент ҳамда ИИБнинг Яшнобод туман бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Б.Х. “A.S.” нодавлат таълим маркази ўқитувчиси М.П. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.нинг ишончига кириб, “В” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш ва ЙҲХБ имтиҳонларини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 350 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далил билан ушланганлар.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

loading...