Тошкентда фарзандидан фойдаланиб 3 марта жиноят содир этган аёлга суд ҳукми ўқилди

0

Тошкент шаҳрида фарзандидан фойдаланиб 3 марта жиноят содир этган аёл ушланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, 24 ёшли турмушидан ажрашган аёл З.К. ўғли С. билан Самарқанд дарвоза маҳалласига олиб бориш учун такси тўхтатган. Машинага ўтиргач, ҳайдовчи Р.К.дан боласининг мазаси бўлмаётгани учун дори олмоқчилигини айтиб, дорихоналардан бири олдида тўхтатишни сўраган. Ҳамёнини кавлагач «Пулим уйда қолиб кетибди», дея ҳайдовчидан манзилга етганда қайтариш шарти билан 170 минг сўм пул олган. Ҳайдовчи уни кутиб турганида аёл гўёки дори олгандек, дорихонага кириб чиққан. Шундан сўнг аёл боласини энагага олиб бориш кераклигини айтиб, манзилга етганда Р.К.нинг 10 миллион сўмлик «iPhone XS MAX» телефонини қўнғироқ қилиш учун олган. Фарзандини энагасининг хонадонига ташлаб чиқиш учун машинадан тушиб, кўп қаватли уйлар орасига кириб, қочиб кетган. У бу иши билан ҳайдовчига жами 10 миллион 170 минг сўмлик зарар етказгани аниқланган.

 

Аёл худди шундай жиноятни «Matiz» ҳайдовчиси З.Б.га қўллаб, дори олиш учун ҳайдовчини 200 минг сўм пул ва энагага қўнғироқ қилиш учун 100 АҚШ долларлик «RedMi 5» телефонга чув туширган. Аёл ҳайдовчи З.Б.га жами 1 226 287 сўмлик моддий зарар етказган. Бундан ташқари, эртаси куни аёл «Nexia-3» ҳайдовчиси К.Р.нинг 50 минг сўм пулини ва 2 миллион 500 минг сўмлик «RedMi Note 8 PRO» телефонини олиб, воқеа жойидан қочиб кетган ва ҳайдовчига 2 миллион 650 минг сўмлик зарар етказгани қайд этилган.

 

Аёлнинг иши судда кўриб чиқилиб, унга жазо тайинлашда жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини ва жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ҳисобга олиниб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланган. Унга кўра, аёлга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси (Жазони ўташда муддатидан илгари шартли озод қилиш) қўлланилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартлига алмаштирилган ва 1 йил синов муддати белгиланган.

loading...