Биқинимга ур, ярам очилиб кетсин!..

0

Ўткир унга жавоб берадиган аҳволда эмас эди. Ҳозир бойлиги тугул, ўзининг кимлигини, қаерда ётганлигини, нега ҳамма ёғи дока билан ўралганлигини билмас эди. Шу боисдан ҳам кўр ичак махкумга меровсираб қараб турди.

— Мени исмим, Абдуқаюм, ўғирлик билан қамалганман. Тушиндинг?!

Ўткир тушунмади. Деворга қаради. Кейин ўпка касал махкумга қаради. Сўнг секин кўзини юмди. Чунки кўзи толиққанди. Шу қисқа муддатда толиқди. Сабаби киприкларини кўтариб туришга ҳам унда куч йўқ эди…

Эшик очилди. Дўхтирлаб кириб келишди. Башаралари совуқдан совуқ эди. Улар нафрат билан, худди ўлаксани кўргандай Ўткирга қарашди.

— Ётибсанми? — деди биттаси.

— Кўзини очди, — деди шу заҳоти Абдуқаюм ҳозиржавоблик билан Ўткирнинг ўрнига.

— Нима деди?

— Ҳеч нима. Сув сўради. Икки қултум ичди. Мен бердим. Кейин яна кўзини юмиб олди.

Дўхтир, Ўткирнинг тамоғига бармоғини қўйди. Юрак уришини эшитди. Сўнг қаддини ростлаб шерига қарадида:

— Жуда нимжон, — деди.

— Жони бўлса бўлди, одам қиламиз. Бўлмаса, эшитдинг-ку…

Улар чиқиб кетишди. Шу заҳоти Абдуқаюм Ўтикирнинг бошига югуриб келди.

— Менга қара, эшитаяпсанми?.. Эшитаяпсан, биламан. Сен керакли одам экансан. Менга қара, мен сенга ёрдам бераман, текинга эмас, лекин…

— Қўйсангчи, — деди унга бир неча марта гурс гурс йўталган ўпка касал.

— Сени ишинг бўлмасмин. Аввал ўзинг бошқа томонга йўтал, бўлмаса менга юқтириб қўясан. Сени калланг ишламайди. Ишлаганида минг йилдан бери зах ерда ётмаган бўлардинг. Бу бой одам. Пули жудаям кўп. Биз ўйлагандан ҳам кўп… Анавилар ҳамма пулини  олишолмаган. Шунинг учун дўхтирларни ёқасидан ушлаб олишган… Тўхта, сен мени манави ярамга, биқинимга ўхшатиб бир ур. Операция жойим очилиб кетсин. Йиқилиб тушдим, дейман. Шунда яна анча вақт бу ерда қоламан. Агар манавиндан пул ундирсам сенга ҳам бераман… Лекин шундай ургингки, ўлиб қолмайин…

loading...