​МАКТАБ ЁШИДАГИ БОЛАНИНГ ОВҚАТЛАНИШ ВАҚТИНИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИШ КЕРАК?

0

Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчисидир. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. Бу галги суҳбатимизда мактаб ўқувчилари, улар қандай таомланиши ҳақида фикр юритамиз.

ССВ Матбуот хизматининг шу мавзудаги саволларига тиббиёт фанлари доктори, профессор Гули ШАЙХОВА жавоб беради.

— Меъда-ичак касалликларининг юзага келиш хавфи боланинг 6-7 ёшида бир мунча юқори саналади. Одатий кун тартибининг ўзгариши, ақлий меҳнат юкламасининг ортиши, ўз вақтида ва тўғри овқатланмаслик — ошқозон фаолияти бузилишини келтириб чиқаради? — дейди Г.Шайхова. — Маҳсулотлар таркибидаги кимёвий моддалар ва кўп фоизли углевод вақтинча тўқлик ҳиссини юзага келтиради, аммо организм ўзига керакли озуқани олмайди. Углеводли таом ва егуликларни мунтазам истеъмол қилиш эса семиришга мойилликни юзага келтиради.

— Болаларнинг овқатланиш вақти оралиғи қанча бўлиши керак?

— Ҳаётининг дастлабки уч йилида бола ўзининг кундалик овқатини кун давомида тенг миқдорда истеъмол қилиб боради. Сўнг аста-секинлик билан 6-7 марта овқатланишдан 5 мартага, кейин эса 4 марталик тартибга ўтилади.

Мактаб ёшида кундалик таомланиш шундай тақсимланадики, бунда тушлик ҳажми жиҳатдан кўпроқ ва қувват қиймати юқорироқ бўлади. Аммо мазкур тартибга ўтиш секин-аста бажарилгани маъқул. Акс ҳолда, бола ошқозонига оғирлик тушиши мумкин.

Нонушта: бола организми учун керак бўлган бир кунлик энергетик қийматнинг 25 фоизини ташкил этади. Нонушта сабзавотли салатлар ва иссиқ овқатдан иборат бўлмоғи лозим. Бунда — бўтқа, картошка ва сабзавотли аралашмалар, қайнатилган тухум, творог, сут, сутли қаҳва, сутли какао бўлиши мумкин.

Тушлик: ривожланаётган бола организми учун керакли бўлган бир кунлик энергетик қийматнинг 30-35 фоизини ташкил этади. Тушликда шўрва, гўштли ёки балиқли овқат (гарнири билан) ва бирор хил ширинлик (кремли бўлмаслиги керак) истеъмол қилган маъқул.

Тушдан кейин: бу маҳал боланинг суюқликка бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилиши лозим. Негаки тушликдан сўнг бола кўпроқ чанқайди. Иккинчи тушликка бир кунлик энергетик қийматнинг 15–20 фоизи тўғри келади. У суюқликлар, мева, ширинлик ёки пишириқлар, кулча каби егуликлардан иборат бўлмоғи даркор.

Кечки таомланиш: тўғри тузилган таомнома асосини ташкил этувчи қисм ҳам айнан шу. Кечки овқатланиш бир кунлик энергетик қийматнинг 20 фоизини ташкил қилади. Бунда таомнинг енгил ҳазм бўлишига эътибор қаратиш лозим. Кечки таом учун творогли, сабзавотли, ёрмали, буғда ёки қайнатиб пиширилган иссиқ овқат, сут, қатиқ тавсия этилади.

Истеъмол маҳсулотлари боланинг ёшидан келиб чиқиб тақсимланса, организм керакли озуқа манбаига эга бўлади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

loading...