«Қўйлиқ» бозорида 2 аёлнинг телефонини ўғирлаган эркак қўлга тушди

0

Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозорида 10 апрель, шанба куни икки аёлнинг телефонини ўғирлаган эркак ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати маълум қилди.

 

Хабарга кўра, воқеа соат 08:00 дан 09:00 га қадар бўлган вақт оралиғида «Қўйлиқ» бозорида содир бўлган. Аниқланишича, номаълум шахс бозор қаршисидаги автобекатда бўлган икки аёлнинг телефонини ўғирлашга уринган. Хусусан, 20 ёшли Ш.Ш. исмли қизнинг ёш болалар кийимини солиш учун мўлжалланган сумкаси ташқи чўнтагидан 3 миллион сўмлик «Samsung A11» ҳамда 45 ёшли А.М. исмли аёлнинг сумкасидан 1 миллион 500 минг сўмлик «Redmi 6» телефонини ўғирлаган.

 

Бу пайтда ҳудудда хизмат олиб бораётган ички ишлар бўлими ходимлари томонидан эркак қўлга олинган. Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу номаълум шахс муқаддам ўғрилик содир этиб судланган 37 ёшли С.А. экани аниқланган.

 

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Манба: Bugun.uz

loading...