Тошкентда вафот этганларнинг пенсия пулларини ўзлаштириб юборган мансабдорларга чора кўрилди

0

Тошкентда 142 нафар вафот этганларнинг пенсия пулларини ўзлаштириб юборган мансабдорларга чора кўрилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, пенсия жамғармаси Пискент туман бўлимининг ходими М.Ш. ва АТ Халқ банки кассири Ҳ.У. ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан 142 нафар вафот этган фуқароларнинг пенсия пулларини ўзлаштирган.

Аниқланишича, пенсия жамғармаси ходими М.Ш. 2018–2019 йилларда тўлов қайдномаларига вафот этган пенционерларнинг номини киритган ва ҳужжатларни тўлов учун АТ Халқ банки Пискент филиалига тақдим этган. АТ Халқ банки кассири вафот этган фуқаролар номидан ўзи имзо чеккан. Мансабдор шахслар жами 85 785 569 сўм талон-торож қилган. Шунингдек, ходимлар 2018–2019 йилларда жами 33 нафар вафот этган фуқароларнинг номига ёзилган 20 636 256 сўм пенсия пулларини ўзлаштирган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд бўлиб ўтган. Халқ банки кассири судда қайдномадаги пенционерлар вафот этганини тергов пайтида билганини айтган.

Таъкидланишича, М.Ш.га нисбатан 29 миллион сўм миқдорида жарима жазоси ва тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил икки йил муддатга мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, суд Ҳ.У.га нисбатан жазо тайинлашда, етказилган зарарнинг тўлиқ қоплаганини ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 45-моддасини (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаб, икки йил муддатга мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 27 875 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

loading...