АҚШ разведка агентлиги COVID-19 келиб чиқишининг иккита эҳтимолий манбасини айтди

0

АҚШ Миллий разведкаси директори Эврил Хейнс АҚШ Сенати қўмитаси йиғилишида разведка хизматларида COVID-19 келиб чиқиши тўғрисида ишончли маълумот йўқлигини айтди.

«Айни пайтда биз разведка ҳамжамияти коронавирус инфекцияси қаердан келиб чиққани тўғрисида аниқ маълумотга эга эмас, деб очиқ айтишимиз мумкин», — деди Хейнс.

У инфекция пайдо бўлишининг иккита «муқобил версияси» мавжудлигини таъкидлади. Улардан бирига кўра, касалликни юқтирган биринчи одам вирус ташувчи ҳайвон билан алоқада бўлган. Бошқа бир версияда вирус Ухань шаҳридаги маълум бир Хитой лабораториясидан тасодифан тарқалгани айтилган.

Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс агент Хейнснинг фикрига қўшилишини айтди. Унинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га зарур маълумотларни тақдим этишда етарлича ёрдам кўрсатмагани сабабли вазият мураккаблашмоқда.

Аввалроқ CNN’нинг разведка хизматидаги манбаси фуқаролар ҳеч қачон коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳақиқатни билмаслиги мумкин, деб тахмин қилганди. «Ҳатто хитойликлар ҳам буни билмайди. Улар ҳақиқатни билишдан манфаатдор бўлмагани сабабли жосуслик қилиш ва хитойликлар қандай натижаларга эришганини аниқлашга уринишдан фойда йўқ», — деган эди CNN.

Январь—февраль ойларида халқаро экспертлар миссияси Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 патогенининг келиб чиқишини ўрганиб чиқди. Ушбу сафар натижалари тўғрисидаги ҳисобот ЖССТ томонидан 30 март куни эълон қилинди. Ҳисоботда инфекциянинг келиб чиқиши тўғрисида тўртта эҳтимолий версия баён қилинган.

Хитойдаги текширувида иштирок этган мутахассислар коронавируснинг одамлар орасида пайдо бўлиши ва тарқалишига сабаб Ухань шаҳридаги ёввойи ҳайвонларнинг савдоси бўлиши мумкинлигини айтганди. Тахминларга кўра, бозорда сотилган ҳайвонлардан бири вирусни кўршапалакдан одамга юқтирган оралиқ ташувчига айланган.

Шунингдек, чумолихўрлар туркумига яқин сутемизувчи — панголинлар одамларга коронавирус юқтиришда «гумон қилинаётганлар» қаторига киритилган эди. Худди кўршапалаклар сингари улар ҳам Хитойда истеъмол қилинади. Баъзи олимлар айнан танасида вирус бўлган панголинлар Ухань шаҳридаги қишлоқ хўжалиги бозорига келтирилган ва хитойликлар томонидан истеъмол қилинган бўлиши мумкин, деб тахмин қилган эди.

Аввалроқ ЖССТ томонидан пандемия бошида Уханда коронавируснинг 10 дан ортиқ мутацияси пайдо бўлгани, Ухань шаҳрида COVID-19 келиб чиқишига оид муҳим далиллар топилгани, Хитой ҳукумати COVID-19’га чалиниш бўйича илк ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни беришдан бош тортгани ҳақида хабар берилганди.

 

«РБК»

 

loading...