АҚШдаги шифохоналардан бирида полициячи қора танли эркакни отиб қўйди

0

АҚШда полициячи шифохонага ётқизилган қора танли эркакка ўқ узди. Тинтув жараёнида унинг ёнидан ўқотар қурол топилган ва шундан кейин отишма бошланган.

27 ёшли афроамерикалик Майлз Жексон ўзининг машинасида ҳушсиз ҳолда топилган ва шифохонага келтирилган. Шифокорлар Жексоннинг ҳужжатларини текширгач, унинг оилавий зўравонлик ҳамда ноқонуний қурол сақлаш айбловлари билан қидирувда экани маълум бўлган ва полицияга хабар берилган.

Полициячилар тинтув чоғида Жексоннинг ёнидан ўқотар қурол топган. Кейинги воқеалар тафсилотига ҳали аниқлик киритилмади. Маҳаллий полиция бошқармасининг расмий хабарига кўра, Жексон қонун ҳимоячиларига қаршилик кўрсатган ва уларга қарата ўқ узган. Бошқа версияларда Жексоннинг полиция зўравонлиги қурбонига айланган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Отишма Огайо штатининг маркази — Коламбус шаҳрида содир бўлди. Бир неча ўнлаб маҳаллий аҳоли полициядаги ирқчилик хуружига қарши норозилик намойишига чиқди. Улар маҳаллий полиция идорасини қамал қилиб, у ерни босиб олишга уринди. Намойишчилардан бири полициячиларга дубинка билан ҳужум қилгани учун ҳибсга олинди.

Fox News

 

loading...