Саробга айланган орзу ёхуд фирибгарларга чув тушган содда йигитлар

0

Бировнинг ҳақи бировга буюрмайди. Афуски, бу оддий ҳақиқатни тан олмасдан, ўзганинг мол-мулкига кўз олайтирадиган фирибгар лар орамизда ҳали-ҳамон учраб турибди. Қуйидаги ҳикоямиз ҳам ана шундай «ҳожатбарор» фирибгарлар ҳақида.

2018 йилнинг июль ойи. Кейинги пайтларда фикр-ёди Корея республикасига бориб ишлаб келиш билан банд бўлиб қолган Нодиржоннинг бугун кайфияти кўтаринки, чунки бунга арзирли сабаб бор. У ҳозиргина Эркинжон исмли қариндоши билан учрашиб қайтяпти. Нодиржон ўз-ўзидан кулимсираб қўяркан, қариндоши билан бўлиб ўтган суҳбат яна бир бор хаёлида жонланди…

— Ака, бу ерда итнинг орқанги оёғи бўлиб юравериш роса жонга тегиб кетди-ку! Чет элга ишга жўнатадиган бирор танишишингиз бўлса, ёрдам қилинг, бизларда ҳам қолиб кетмас, — деди у Эркинжоннинг кўзларига тик қараб.

— Нодиржон, чиндан ҳам чет элга ишга кетмоқчимисиз? — бироз ўсмоқчилаб сўради Эркинжон қариндошининг ниятини очиқ-ойдин билиб турса-да.

— Э-э, акажоним-эй, кетмоқчимисиз, деганингиз нимаси? Кетасизми, денг, акамжоним, кетасизми, денг?! Ўзиям ўтган йилдан бери овораи сарсон бўлиб, четга кетолмай юрибман-ку, ака! — деди Нодир кўзларини катта-катта қилганича қариндошига йиғлаб юборгудек бир аҳволда қараркан.

— Энди Нодиржон, чет элга кетишнинг ҳам ўзи бўлмайди, сарф-харажат деган нарсалар бор, — суҳбатдошига илмоқли гап қилди Эркинжон.

Худо Нодиржонни фаҳм-фаросатдан қисмаганди. У қариндошининг нимага шама қилаётганини дарров тушунди.

— Бу ёғига гап-сўз бўлиши мумкин эмас, акамжоним, бир кунимга яраб қолар, деб йиғиб қўйган уч-тўрт тангам бор, — дея қўлини кўксига қўйди Нодиржон.

— Ҳозир ишлар уч-тўрт сўм билан битмайдиган бўлиб кетган-ку, ука, — деди Эркинжон. — Очиқроқ айтаверинг, қанча пул атагансиз?

— Нақд олти минг доллар пулим бор, агар бу етмаса, қариндош-уруғ, таниш-билиш, дегандек, яқинлардан яна бирор минг доллар топарман, — Нодиржон гўёки шунча пулни берса муаммоси ҳал бўладигандек бироз ҳаяжонга берилиб.

— Демак, етти минг доллар топиб беришга кучингиз етаркан-да, — тағин ўсмоқчилаб сўради Эркинжон.

— Шундай, ака, шундай, — дея қўлини кўксига қўйган ҳолда жавоб қайтарди Нодиржон.

— Ука, ишқилиб, мен яхши инсонларга сиз ҳақингизда айтиб, кейин сиз пул тўплашга қийналиб қолиб ёки у-бу сабаб билан аҳдингиздан қайтиб қолмайсизми? Чунки сиздан кейин ҳам улар билан неча марта кўзимиз кўзимизга тушиши бор, яна бир-биримиздан уялиб юрмайлик, — дея Нодиржоннинг кўзларига синчковлик билан тикилди Эркинжон.

— Акажон, бу ёғидан хавотир олманг, ҳали айтдим-ку, қўлимда нақд олти минг доллар пулим бор. Чет элга кетиш ниятида бирор жойга ишлатмай…

— Бўлмаса, бундай қиламиз, укажон, мен бир танишларим билан гаплашиб кўрай. Адашмасам, улар фирма очиб, Кореяга одам жўнатяпмиз, дейишганди, — деди Эркинжон суҳбатдошининг сўзларини бўлиб қўяркан.

Бу сўзларни эшитган Нодиржон турган жойида сакраб юбораёзди:

— Ичимсиз-да, акажон, ичимсиз, ўзим ҳам айнан Кореяга ишга кетсам яхши бўларди, деб юргандим!

— Ният холис-да, ният холис, — дея кулимсиради Эркинжон. — Лекин сиз ҳозирдан дўппингизни осмонга отаверманг, мен аввал бир суриштириб кўрай-чи, кейин сизга жавобини айтаман…

— Маъқул, акажон, маъқул, — дея тағин қўлини кўксига қўйди Нодиржон.

Чиндан ҳам Эркинжон сўзида туриб чет элга ишга кетиш иштиёқида юрган қариндошини Шокиржонов Нодиржон Олимжон ўғлини (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) Абдулла исмли таниши билан учраштириб қўйди. Бир кўрган одамида юлдузни бенарвон урадигандек таассурот қолдирадиган Абдулла Муродов Нодиржон билан суҳбатда гапни чўзиб ўтирмади.

— Эркинжон айтди, сиз Корея давлатига ишга кетиш масаласида гап очган экансиз, — деди Абдулла ва Нодиржон «Шундай», деган маънода боши билан тасдиқ ишорасини қилганидан сўнг сўзида давом этди. — Бизнинг фирмамиз жиддий фирма, баъзиларга ўхшаб, пулингизни олиб, кейин ўзингизни овора қилмаймиз. Катта гапирмайин-ку-я, лекин сизни узоғи билан уч-тўрт ой ичида Кореяга жўнатиб юборамиз. Фақат яхшигина харажати бор.

— Айтаверинг, ака, қанча харажат бўлса, биз тайёрмиз, — дарров қўлини кўксига қўйди Нодиржон.

— Ўзи биз бегоналардан камида етти-саккиз минг АҚШ доллари олиб, ишини ҳал қилиб бераётгандик. Лекин сизнинг ўртангизга Эркинжон ака тушгани учун, мен у кишини роса қаттиқ ҳурмат қиламан, сиз жами олти минг беш юз АҚШ доллари берсангиз бўлди. Қолган барча хизматлар бизнинг бўйнимизда, — деди Абдулла Нодиржонинг юз-кўзидаги ўзгаришни илғаш учун унга синчковлик билан тикилиб туриб.

— Розиман, ака, розиман! Пулни қачон беришим керак?! — дея ҳовлиқиб қолди унинг бу сўзларини эшитган Нодиржон.

— Ҳозирча пулдан гапирмай туринг, аввал биз сиз ҳақингизда иш берувчига айтайлик, кейин ойига қанча маош сизни қониқтиради, шуларни гаплашиб олайлик, пулни эса ана ундан сўнг ҳам бериб улгурасиз, — деди Абдулла.

Нодиржон шошма-шошарлик қилиб, ортиқча гапириб юборгани учун узр сўради:

— Кечирасиз, ака, энди пулни олдиндан бериб қўйсам, иш ҳам шунга яраша тезроқ ҳал бўладими, деб ўйлагандим-да…

— Ука, ҳали ёшсиз, шунинг учун сизга маслаҳат сифатида бир гапни айтиб қўяй: агар кимда-ким ишни битирмасдан туриб пул сўраса ёки «Ундоқ қилиб юбораман, бундоқ қилиб ташлайман», дея катта гапирса, билингки, бундай одамлар фирибгар бўлади. Шу гапимни ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг ва ундайлардан доимо узоқроқ юринг, — деди Абдулла йигитга қараб.

Ҳамон қўли кўксида турган Нодиржон унга ич-ичидан «беш» кетди: «Роса мард одам экан, пулни иш битгандан сўнг берасан, деяпти!».

2018 йил август ойининг ўрталари. Нодиржон Қорасув шаҳри марказида Абдулла Муродовнинг ўғлига 2000 АҚШ доллари берди. 2019 йил апрель ойининг бошларида эса пойтахтга етиб келган йигит «Райҳон» кафесининг ёнида «ҳожатбарор» таниши, яъни Абдулла билан учрашиб, унинг қўлига 4500 АҚШ долларини тутқазди.

— Нодиржон, сизнинг олдингизда жичча хижолатли бўлиб қолдик-да, укажон, — дея узр сўрагандек бўлиб мийиғида кулимсиради Абдулла ундан пулларни олар экан. — Мен сизга узоғи билан уч-тўрт ойда ишингизни ҳал қиламиз, дегандим, аммо ўзимизга ҳам боғлиқ бўлмаган ҳолда бу нарса бироз чўзилиб кетди. Лекин Худо хоҳласа, кўпи билан 10-15 кун ичида Корея давлатига кетасиз. Қилган мана бу харажатларингизни, — Муродов шундай дея қўлидаги кўкимтир пулларга қараб қўйди, — икки ойда чиқариб оласиз, шунча кутганингизга яраша маоши камида уч минг долларлик ишга кетяпсиз, укам. Мен ҳозир сизни фирма раҳбари билан учраштириб қўяман, қолган йўл-йўриқларни унинг ўзи ўргатади сизга.

Шундан сўнг улар Аъзамжон Раҳимовнинг ёнига боришди. Абдулла Нодиржондан олган пулларини Аъзамжонга берди.

— Сизнинг ҳамма ишингиз ҳал бўлди, фақат бизга чет элга чиқиш учун мўлжалланган паспорт етишмай турибди. Яшаш жойингиздан чет элга чиқиш учун мўлжалланган паспорт олиб, жўнатсангиз, бас, у ёғи Кореяга қараб учаверасиз, — деди Аъзамжон Раҳимов.

Қувончи ичига сиғмай кетаётган Нодиржон тезлик билан ортига қайтиб, чет элга чиқиш паспортини Абдуллага такси орқали жўнатиб юборди. Лекин унинг Корея давлатига бориб ишлаш орзуси орзулигича қолиб кетди. Орадан кўп ўтмай Нодиржон А. Муродовга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида эшитиб қолди-ю, ўзини гўёки сувга тушган мушукдек абгор ҳис қилди. Яхшики, Абдулланинг қариндошлари унга 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулини қайтариб беришди. Албатта, 2000 доллар, 6500 доллар эмас, лекин ҳалол пешона тери эвазига топилган ҳар бир сўм қадрли-да, одамга.

Буни қарангки, Абдулла Муродовнинг жиноий шериги бўлмиш Аъзамжон Раҳимовнинг фирибгарлик тузоғига илинган битта Нодиржон эмас экан. Аъзамжон 2019 йилнинг август ойида Корея Республикасига ишлаш учун боришни режалаштириб юрган яна бир фуқаро — Узоқов Давлатбой Давронқул ўғлини ҳам алдаб, унинг 5000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини таниши орқали олгани маълум бўлди. Аммо орадан бир неча ой ўтса-да, ваъда қилинган ишдан дарак бўлавермагач, Давлатбой пул берган одамидан долларларини қайтиршни сўради. Шунда унга 5000 АҚШ долларидан бор-йўғи 850 доллари қайтарилди, холос.

Судланувчи Аъзамжон Абдуҳамидович Раҳимов суд мажлисида айбига қисман иқрорлик билдириб, жабрланувчиларга улардан олган пулининг маълум қисмини қайтарганлигини, қолган пулларни эса қайтариб бера олмаганлигини, ҳозирда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ва моддий зарарнинг қўпланмай қолган қисмини депозит ҳисоб рақамига қўйганлигини кўрсатиб, суддан унга енгиллик беришни сўради.

Суд, судланувчи Аъзамжон Раҳимовга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда, содир этилган жиноятларнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабларини инобатга олиб, судланувчи жиноятларни ғараз ниятларда содир этганлиги айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб, аммо судланувчи айбига иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланиши айбни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди ва судланувчи А. Раҳимовга узил-кесил ўташлик учун ойлик иш ҳақидан 20% давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 24 (йигирма тўрт) кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Темур КАСИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман суди судьяси

Суннатулло АБДИМУРОД ўғли,

журналист

 

loading...