Тошкентда ИИББ ходимлари аёлларни куч ишлатиб, хизмат машинасига ўтқизаётгани акс этган видео бўйича расмий изоҳ берилди

0

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аёлларни хизмат автомобили томон олиб кетаётгани акс этган видеотасвир ижтимоий тармоқларда тарқалди. Пойтахт ИИББ матбуот хизмати бунга изоҳ берди.

 

Маълум қилинишича, 14 апрель куни, тахминан, соат 21:30 да Қоратош ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари автомобиллар қатнов қисмида фарзандлари билан тиланчилик қилиб, ҳайдовчиларга халақит бераётган уч нафар аёлни кўрган.

 

Аёллар тиланчилик қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирилиб, уларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 2-сонли ички ишлар бўлимига таклиф қилинган. Бунга жавобан аёллар атрофдагиларнинг раҳмини келтириш учун бақириб, ходимларга фаол қаршилик қила бошлган.

 

Ички ишлар бўлимига олиб келинган аёллар самарқандлик, икки фарзандли 25 ёшли М.Ю., 30 ёшли З.Ш. ва 25 ёшли С.У. эканлиги, улар муқаддам бир неча маротаба огоҳлантирилгани аниқланган.

 

«Бундан аввал ходимлар мазкур аёлларни йўл қисмида тиланчилик мақсадида болаларидан фойдаланаётганликларининг гувоҳи бўлган. Бу аёлларнинг йўл қатнов қисмида тиланчилик қилиши нафақат уларнинг ўзлари, балки норасида гўдакларининг ҳаёти учун ҳам хавфли бўлиб, камига, бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётини ҳам хавф остида қолдирган.

 

Аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши учун терговга қадар текширув ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча хабар берилади», — дейилади ИИББ хабарида.

 

Март ойида сенаторлар сўнгги пайтларда аҳоли ҳаракати гавжум бўлган кўчалар, хиёбонлар, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари ҳамда чорраҳаларда тиланчилик қилиб келаётган шахслар кўплаб учраётганини қайд этганди. Қонунчиликда тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласи белгиланган бўлса-да, ушбу норманинг ҳаётда қатъий ишламаётгани бундай шахсларнинг кундан кун кўпайиб боришига сабаб бўлиши таъкидланган.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январида Шавкат Мирзиёев тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаганди. Қонунга мувофиқ, жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш маъмурий жазо сабаб бўлади, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

loading...