Илон Маск Tesla’нинг Техасда қурилаётган заводига Cybertruck’да келди

0

Америкалик бизнесмен, миллиардер, Илон Маск Tesla’нинг Техасда қурилаётган Giga Texas заводига Cybertruck электромобилида келди. Бу ҳақда Маск ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Маскнинг ишчилар қаршисида қилган чиқиши тасвирланган суратларни, шунингдек, электромобил салони тасвирларини эълон қилмоқда. Пикапга футуристик рул-штурвал ва янгиланган Tesla Model S’даги каби 17 дюймли дисплей ўрнатилган.

Автомобильни серияли ишлаб чиқариш 2021 йилга режалаштирилган, бироқ аниқ муддат ҳозирга қадар номаълум.

Илон Маск Tesla Cybertruck пикапини 2019 йилнинг ноябрида тақдим этганди. Электромобил корпуси зангламайдиган совуқ катондан ишланган, ойналари Tesla технологияси бўйича зирҳланган. Бизнесменнинг сўзларига кўра, бу каби автомобиль 9 миллиметрли пистолет ўқларига бардошли.

Маскнинг ўзи футуристик дизайнга эга пикап рулида бир неча бор кўриниш берган. Масалан, 2020 йилнинг майида Маск Cybertruck пикапида ерости туннели бўйлаб сайр қилганди.

loading...