Халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшларнинг харажатлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилади

0

Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, 1 майдан бошлаб халқаро имтиҳон тизимларида юқори балл тўплаган ёшларнинг харажатлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб бериладиган бўлди. Хўш, бу тизим қандай муаммоларни ечади?

Биринчидан, асосан чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар маблағ туфайли грант (scholarship) қидиради. Лекин тест топширишга ва таваккал қилишга пули бўлмайди. Эндиликда IELTS, SAT, TOEFL, GMAT, GRE ва яна 13 хилдаги халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажати билан боғлиқ муаммолари бўлмайди. Унинг оиласи, ота-онаси ҳам давлатнинг ёрдамини ҳис қилади.

Биргина IELTS халқаро имтиҳонини Ўзбекистонда топширувчилар қайд этган ўртача натижа 5,7 баллни ташкил этади. Таққослаш учун, Қозоғистонда бу кўрсаткич 6,1 баллга тенг. Бу борада Ўзбекистон 34-ўринда турибди. Юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон харажатлари давлат томонидан тўлаб берилар экан, ёшлар юқори натижа учун, кўпроқ билим олиш учун ҳаракат қилиши талаб этилади.

Иккинчидан, бизда чет элга ўқиш ёки ишлаш учун кетадиган аҳолининг зиёли қатлами асосан шу халқаро тест тизимлари орқали кетади. Эндиликда бизда бу зиёли қатламнинг базаси шаклланади. Бу эса давлат учун ўта муҳим, яъни иқтидорли ва салоҳиятли ёшларнинг базаси яратилади.

Учинчидан, бу «Эл-юрт умиди» жамғармаси учун яхлит тизим. Айнан шу халқаро тест тизимларида юқори балл олган ёшларни давлат саралаб олиб, хорижий олий таълим муассасаларига жўната олади.

2018—2020 йилларда «Эл-юрт умиди» жамғармасининг стипендиялари орқали хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ дастурларининг вилоятлар кесимидаги статистикасига кўра, жамғарманинг энг кўп стипендиати Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда — 695 нафар. Энг кам кўрсатгич эса Сирдарё вилоятига тўғри келмоқда — 2 нафар. Бундан кейинги ўринда Сурхондарё вилояти — 6 нафар.

Бу кўрсатгичлар вилоятлар кесимида қаралганда жуда ҳам кам. Марказда кўп, вилоятда эса кам. Бу тизим орқали барчага тенг имкон берилмоқда.

Тўртинчидан, давлатнинг кадрлар сиёсати учун захира кадрлар тизими яратилади. Албатта, тил биладиган, халқаро имтиҳонлардан юқори натижа кўрсатган ва хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олган минглаб кадрларни етиштирамиз.

Бешинчидан, бу механизм — билимли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чекка жойдаги ёшларнинг ҳам сифатли таълим олишига, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олишига ва, албатта, давлат учун фойдали кадр бўлиб етишишига кенг йўл очадиган тизим бўлади.

Ёшлардан талаб қилинаётган нарса — интилиш, ҳаракат ва билим олиш. Давлат бугун, сиз ёшларга имкониятлар эшикларини очар экан, кун келиб, албатта, уни янада юксалтиришга ўз ҳиссангизни қўшишингиз лозим. Белни маҳкам боғланг, ёшлар! Замон сизники, имкониятлар сизники!

Аlisher Sadullayev

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги матбуот хизмати

loading...