Хитой АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини «бир томонлама» деб атаб, уларни қораламоқда

0

Хитой АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини «бир томонлама» деб атаб, уларни қораламоқда. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзянь айтиб ўтди.

«АҚШнинг Россияга қарши янги санкциялари — бу бутун дунё ҳамжамияти қарши бўлган бир томонлама гегемон чоралардир», — дейилади департамент хабарида. Шу билан бирга, Пекин Вашингтон ва Москва ўзаро зиддиятларни мулоқот орқали ҳал қилиши мумкинлигига умид билдирди.

15 апрель куни АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилди. Янги санкциялар Россиянинг АҚШдаги 2020 йилги президентлик сайловларига аралашиши, АҚШ ҳукумат идораларига қилинган киберҳужум ва Россиянинг Афғонистондаги америкаликларга қарши «Толибон» жангарилари билан тил бириктиргани билан боғлиқ. Оқ уй февраль ойида Россиянинг ушбу ҳаракатлари учун АҚШ расмийлари унга қарши санкциялар режалаштираётганини айтганди.

Польша АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлади. Польша Варшавадаги уч нафар россиялик дипломатни persona non grata деб эълон қилди, улар мамлакатдан чиқариб юборилади. Биргаликда қабул қилинган, келишилган иттифоқ қарорлари Россиянинг душманлик ҳаракатларига энг муносиб жавобдир», — дейилади Польша хабарида.

Ўз навбатида НАТО ҳам АҚШнинг Россияга қарши янги санкцияларни мамнуният билан қўллаб-қувватламоқда. НАТО Россияни Евро-Атлантика хавфсизлигига таҳдид деб билмоқда ва Москвани «беқарорлаштирувчи хатти-ҳаракатларни дарҳол тугатишга ва иттифоқчилар сингари ўз мажбуриятларини, хусусан, қурол назорати, қуролсизлантириш ва қуролни тарқатмаслик шартларини бажаришга чақирди».

«ТАСС»

loading...