Киев Россия махсус кучларининг Украина консулини ҳибсга олишига жавоб қайтарди

0

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Санкт-Петербургдаги консулининг ҳибсга олинишига норозилик билдирди ва Россиянинг Киевдаги элчихонаси катта дипломатининг мамлакатдан чиқариб юборилишини эълон қилди.

“Россиянинг Киевдаги элчихонаси катта дипломати 19 апрелдан бошлаб 72 соат ичида мамлакатдан чиқиб кетиши керак”, дейилади Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Вазирлик баёнотида қайд этилишича, бундай қадам Россиянинг Санкт-Петербургдаги Украина консулини чиқариб юбориш ҳақидаги қарорига жавобан ташланган.

“Биз 16 апрель куни Украинанинг Санкт-Петербургдаги Бош консуллиги етакчисининг ноқонуний ҳибсга олингани ва унга Россия Федерацияси ҳудудидан чиқиб кетиш тўғрисида буйруқ берилганига нисбатан ўзимизнинг қатъий норозилигимизни билдирамиз. Биз консулга нисбатан қўйилган айбловларни бутунлай инкор қиламиз. Россия ҳукуматининг бундай хатти-ҳаракатлари 1961 йилги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенцияси ва 1963 йилдаги Вена консуллик муносабатлари тўғрисидаги конвенцияни қўпол равишда бузмоқда ҳамда Россия томонидан Украина билан муносабатларни янада оғирлаштириш йўли танланганини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади Украина ТИВ баёнотида.

17 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг Муваққат ишлар вакили Василий Покотилога мамлакат Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган Санкт-Петербургдаги Украинанинг консули Александр Сосонюкни Россиядан чиқариб юборилишини эълон қилди.

Фаррухжон Муродқулов

loading...