«Агар Путин Навальнийнинг колонияда ўлишига қўйиб берса, ‘қотил’ деган номни оқлаган бўлади». Дунё матбуоти Навальнийни қўллаб-қувватламоқда. АҚШ ҳам Россияни бунинг оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқда

0

The New York Times таҳририяти Россия президенти Владимир Путинга мухолифатчи Алексей Навальнийни шифокор кўригидан ўтказиш, унинг аҳволи қай даражада оғирлигини баҳолаш ва агар зарур бўлса, сиёсатчини интенсив терапияга юбориш сўрови билан мурожаатнома чоп этди.

Мурожаат муаллифларининг айтишича, гарчи Путин ўзининг энг ашаддий танқидчисидан халос бўлишни афзал кўрса-да, (буни Кремль кимёвий заҳар ёрдамида аллақачон синаб кўрган) Навальнийнинг соғлиги тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши айнан Путинга боғлиқ.

«Аммо Путин жаноблари Навальнийнинг колонияда ўлишига йўл қўйиши, унинг яқинда президент Байден айтганидек, ‘қотил’ ва ўз танқидчиларини жим қилиш учун ҳамма нарсани қиладиган қасоскор золим сифатидаги мақомини мустаҳкамлашини англаб етиши керак. Путин дунёда ва унинг тобора авторитарга айланишидан чарчаган россияликлар орасида бу қандай реакцияга сабаб бўлишини тушуниш учун етарлича узоқ вақтдан бери ҳокимятни бошқариб келмоқда».

Хабарларга кўра, қамоқдаги Алексей Навальнийнинг соғлиғи тобора ёмонлашмоқда; у очлик эълон қилиб, шифокор кўригидан ўтишига рухсат берилишини талаб қилган. «Россия ҳукумати август ойида уни ўлдиришга уринганидан келиб чиқсак, колония маъмуриятининг Навальний билан содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги ҳар қандай «расмий» баёнотларига ишониб бўлмайди», — деб ёзади New York Times. Аммо Навальний вафот этса, бунга ким жавобгар бўлиши ҳақида шубҳа бўлмайди ва бу ўлимнинг баҳоси қимматга тушади, дея таъкидлади муаллифлар.

Бунгача, 9 апрель куни Washington Post газетаси таҳририяти шу каби мурожаат билан чиққан эди. Газета мурожаати Путинга эмас, балки АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари ҳокимиятига қаратилган эди. Журналистлар уларни Навальнийни заҳарлашга уринишда иштирок этган мансабдор шахслар ва ташкилотларга нисбатан аллақачон қўлланилган санкциялар ҳақида тўхтамасликка чақирган. Мурожаатнома муаллифлари Навальнийнинг ўзи Путиннинг бойликларини сақловчилар деб атаган 35 олигархга қарши «Магнитский қонуни» бўйича активларни музлатиш ва ғарбга кириш тақиқловини ўз ичига олган санкцияларни жорий этиш ҳамда уларни маҳбус озод қилинмагунча рўйхатдаги шахсларга ҳамда уларнинг оилалари нисбатан қўллаш тарафдори эканини билдирган.

«Бу натижага эришиш имкониятини берувчи стратегияга ўхшайди. Аммо бу стратегия амалга ошмаса, агар Кремль кечиктирилган суиқасд режасини амалга ошириш пайида бўлса, бунинг оқибати шу каби санкциялардан бошланиши керак»,  — деб ёзади Washington Post.

Апрель ойида бошқа дунё ОАВ ҳам Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаб чиқди. Масалан, Американинг бир нечта газеталари The National Review журналининг мурожаатномасини қайта нашр этди, унда Навальний «Ердаги энг жасур одам» деб аталган, Аргентинанинг La Nacion нашри бош саҳифада «Навальнийга озодлик!» сўзларини чоп этди. 16 апрель куни Франциянинг Le Monde газетаси очиқ хат эълон қилди, унда 78 нафар Ғарб маданияти арбоблари Путинни шифокорларни Навальний билан учраштиришга чақирган. Мактубга режиссёр Жей Жей Абрамс, актёрлар Бенедикт Камбербэтч ва Жуд Лоу, Radiohead гуруҳи раҳбари Томс Йорк, рассом Арт Шпигельман ва адабиёт бўйича беш нафар Нобель мукофоти совриндорлари имзо чеккан.

АҚШ президенти маъмурияти сиёсатчи Алексей Навальний колонияда вафот этган тақдирда Россияни жавобгарликка тортиш бўйича бир нечта чораларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан CNN телеканалида айтиб ўтди.

«Биз Россияга Навальний билан ҳибсда содир бўладиган воқеалар учун жавобгар эканини айтганмиз. Улар халқаро ҳамжамият олдида жавобгар бўлади. Муайян чоралар нуқтаи назаридан биз уларнинг бадали қандай бўлишига оид кўплаб усулларини кўриб чиқмоқдамиз. Ҳозирча булар ҳақида жамоат олдида баёнот беролмайман. Аммо биз Навальний вафот этса, бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкинлиги тўғрисида Россияни огоҳлантирдик», —  деди АҚШ президентининг ёрдамчиси.

Аввалроқ колонияда сақланаётган Навальнийнинг аҳволи ёмонлашаётгани, унда иккита умуртқа чурраси аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

daryo.uz

loading...