«Тоттенҳэм» Моуриньони истеъфога чиқарди

0

Клуб расмий сайтининг хабар беришича, Моуриньо билан бирга унинг ёрдамчилари ҳам жамоани тарк этган. Расмий хабарда айтилишича, португалиялик мураббийнинг истеъфосига жамоанинг қониқарсиз натижалари сабаб бўлган.

Моуриньо 2019 йилнинг кузида «Тоттенҳэм» бошқарувини қўлга олганди. Жозе ўшанда клубни тарк этган Маурисио Почеттинонинг ўрнини эгаллаган. У билан шартнома 2023 йил ёзигача тузилганди. Шартномада товон пули кўрсатилмаган, эндиликда у янги клуб топмагунча, клуб унга маош тўлашда давом этади.

«Тоттенҳэм» сўнгги 5та учрашувда фақат битта ўйинда ғалаба қозониб, 2 мартадан дуранг ва мағлубиятга учради. АПЛ якунига 6 тур қолганида Моуриньо шогирдлари 50 очко билан турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турибди. Клуб ўтган мавсум АПЛда 6-ўринни эгаллаган бўлса, жорий мавсумда Европа лигаси 1/8 финалида «Динамо» Загребга мағлубиятга учраб, турнирни тарк этганди.

Моуриньо фаолияти давомида «Порту», «Интер», «Реал», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» клубларида ҳам ишлаган.

Клубни вақтинчаликка Райан Мэйсон бошқариб туради. 2007-2016 йилларда лондонликлар клубида тўп сурган собиқ футболчи шу вақтгача ёшлар жамоаси мураббийи сифатида ишлаб келаётганди

Журналист Тревор Азул твиттердаги саҳифасида Жозе Моуриньонинг «Тоттенҳэм»дан кетиши сабаби ҳақида ёзди. Манба маълумотига кўра, мураббий «Тоттенҳэм» Суперлигага аъзо бўлганига эътироз билдиргани учун ишдан бўшатилган.

Клуб расмий сайти ҳозирча мураббийнинг ишдан бўшаш сабаби ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.

 

loading...