Чаднинг 30 йиллик президенти навбатдаги сайловдаги ғалабаси эълон қилинишидан бир кун ўтиб ҳалок бўлди

0

Чад президенти Идрис Деби мамлакат шимолидаги ҳарбий тўқнашувларда олган жароҳатлари оқибатида вафот этди. Le Figaro газетасининг ёзишича, унинг ўлими ҳақида мамлакат қуролли кучлари расмий вакили Азем Бермандоа Агуна маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, президент «мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун жонини берган».

Ҳарбийларнинг маълумот беришича, якшанба куни у Ливия чегарасидаги исёнчиларга қарши курашаётган ҳарбийлар олдига борган. Fact (the Front for Change and Concord in Chad) гуруҳи исёнчилари 11 апрел куни, президент сайлови бўлиб ўтган кунда мамлакатга Ливия тарафдан ҳужум уюштирганди.

17 апрел куни президент Деби олд чизиқда қўшинларга бошчилик қилган ва қарши ҳужум чоғида яраланган ҳамда 20 апрел куни 68 ёшида вафот этди.

Деби Чадни 1990 йил декабрда содир этилган давлат тўнтаришидан сўнг 30 йилдан ортиқ вақт давомида бошқариб келганди.

11 апрел куни бўлиб ўтган сайловда у олтинчи марта номзод сифатида иштирок этган, 19 апрел куни у 80 фоизга яқин овоз билан яна бир бор президентликка сайлангани эълон қилинганди.

loading...