Сурхондарёда Nexia-2 бетон тўсиққа урилиши оқибатида ҳайдовчининг отаси вафот этди

0

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида Nexia-2 бетон тўсиққа урилиши оқибатида йўловчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа 24 апрель куни, тахминан, соат 10:30 да М-39 автомобиль йўлининг 1412-километрида юз берган. Ушбу автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли бир тарафлама ҳаракат йўлга қўйилган бўлган. Йўлда тартибга солувчи белгилар ўрнатилган бўлиб, бетон тўсиқ билан ажратилган.

Ишончнома орқали бошқариш ҳуқуқига эга бўлган 31 ёшли ҳайдовчи Nexia-2’ни бошқариб кетаётиб, йўл четидаги бетон тўсиққа бориб урилган. Машинанинг зарб билан урилиши оқибатида бетон тўсиқ 3—4 метр узоқликка сурилиб, ағдарилиб кетган.

Nexia-2’нинг олдинги ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган ҳайдовчининг отаси ҳаёт учун хавфли тан жароҳати олиб, туман тез тиббий ёрдам шошилинч мазказига юборилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, жонлантириш бўлимида вафот этган.

loading...