Ватан равнақи аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида, вилоятларга сафарларида ёшларнинг ватанпарварлик тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Чунки ёшларнинг билимли ва фидойи, садоқатли ва жасур, бирор касбни мукаммал эгаллаган ватанпарвар бўлиб вояга етиши ҳар жабҳада зарур ва шартдир.
Ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш, ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга, буюк аждодларимиз каби мард, жасур, ҳалол, жисмонан бақувват, билимли, ватанпарвар, қийин ва экстремал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлод этиб тарбиялаш мақсадида жорий йилдан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилди. Мазкур мусобақаларда умумтаълим мактабларининг 10-11 синфларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар иштирок этмоқдалар. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
“Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаларининг дастлабки туман, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган кейинги босқичларида ғолибликка эришган энг кучли жамоалар якуний беллашувларда иштирок этиш учун пойтахтимизга етиб келди. Тошкент темирйўл шоҳбекатида улар тантанали кутиб олинди. Сўнгги босқич беллашувлари Қуролли Кучлар академиясининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган ўқув жараёнини таъминлаш базасида ташкил этилади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб, уч босқичда ўтказилаётган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақалари интеллектуал билим, юксак жисмоний тайёргарлик, бой тажриба ва кўникмаларга эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги авлодини тарбиялашга қаратилган бўлиб, унда ўқувчи-ёшлар мусобақа низомига мувофиқ “Сафда қўшиқ айтиш”, “Темур тузуклари”, “Моҳир мерган”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш” шартлари бўйича ўзаро беллашадилар.
Бугун мусобақаларнинг тантанали очилиш марсими бўлиб ўтди. Унда мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Алишер Норбоев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Сўзга чиққанлар иштирокчиларга омад ва зафарлар ёр бўлишини ҳамда улар ҳақиқий ватанпарвар, ўз номига муносиб, юртга таянч ва суянч бўлишларини тиладилар.
Ҳарбий-спорт мусобақалар дастуридан унинг иштирокчилари билан турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар, экскурсиялар ҳамда гулхан атрофида “Вазир ва ёшлар”, “Қўмондон ва ёшлар” каби очиқ ва жонли учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.