Сирдарёда «тўхташ мумкин эмас» белгисини бўяб қўйган 23 ёшли йигитга чора кўрилди (видео)

0

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида «тўхташ мумкин эмас» ишорали йўл белгисини бўяб қўйган 23 ёшли фуқаро Ж.га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йигит белгини бўяш жараёнини видеога олиб, Instagram’даги саҳифасига жойлаган. «Гулистонликлар ‘тўхташ мумкин эмас’ белгисига қарши шундай курашмоқда», — дея видеога изоҳ қолдирган йигит.

«40-чегараланган белгининг устига ‘тўхташ мумкин эмас’ белгисини ёпиштириб, бўёқ сепиб, тасвирга олганман. Instagram’даги видео тарқалиб кетди. Нотўғри иш қилганимни тушуниб етдим, ишимдан пушаймонман», — дейди у.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди қарорига кўра фуқаро Ж.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.