Туркиялик инвесторни жиноятчига чиқарганларга эслатма: «Ҳукм” билан “ажрим”нинг фарқи бор…

0

«Effect.uz» сайти “Эзгулик” жамиятининг Самарқанд вилоят бўлими раиси Мирзо Субхановга таяниб, Самарқанд вилоят иқтисодий суди судьяси Ойбек Асатовни гўёки суддаги ёлғон кўрсатмаларга таяниб, туркиялик инвесторни жиноятчига чиқаргани ҳақида бонг уриб чиқди.

Судьялар олий кенгаши мазкур мақолани ҳуқуқий саводсизликнинг бир кўриниши ўлароқ, судья шаъни ва дахлсизлигига, шунингдек суд мустақиллигига қилинган навбатдаги тажовуз деб баҳолайди.

Қонун талабига кўра, судья ишни кўриш жараёнида муайян жиноят аломатлари юзага чиққан тақдирда хусусий ажрим орқали бу ҳақда тегишли органга маълум қилиши белгиланган. Бироқ хусусий ажрим – бирор шахсни узил-кесил жиноятчи, дея ҳукм-хулоса қиладиган суд ҳужжати эмас. Конституцияга биноан, то ҳукм (хусусий ажрим эмас!) қонуний кучга кирмагунча бирор шахс жиноятчи ҳисобланмайди. Шундай экан, судьянинг хусусий ажримини дастак қилиб, уни фалон шахсни жиноятчига чиқарди, дея бонг уриш ҳуқуқий саводсизликдан бошқа нарса эмас (сайт мутасаддилари “ҳукм” билан “хусусий ажрим” фарқига бормайди, чамаси). Хусусий ажримда муайян жиноят эмас, балки унинг аломатлари зикр этилишининг ўзи бунга яққол далил. Бундай аломатларга суриштирув ёки терговга қадар текшириш йўли билан аниқлик киритилиши маълум. Агар хусусий ажрим, сайтда ёзилганидек, ростдан ҳам «суддаги ёлғон кўрсатмалар» асосида чиқарилгани суриштирув ёки тергов жараёнида исботланса, бу бошқа бир жиноят таркибини берадики, буниси энди судьянинг эмас, тергов органи ваколатига кирадиган масала.

Мазкур тартиблар жиноят қонунчилигининг алифбоси ҳисобланиб, хусусий ажрим чиқарган судьяни гўёки бир шахсни жиноятчига чиқарганликда айблаш наинки мантиқ, балки соғлом ақлга тўғри келмайди. Энг ёмони, бундай «сенсацион» чиқишлар судья шаъни, қадр-қимматини камситишдан ташқари судлар ҳақида жамоатчиликда, айниқса хорижлик инвесторларда нотўғри тасаввур пайдо қилиш эҳтимолини юзага келтиради. Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга оммавий ахборот воситасида бунинг акси тарғиб этилишини эса ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Эътиборлиси, Туркия фуқароси жавобгар сифатида қатнашган иш бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарори, хусусий ажрим) айни пайтда қонуний кучда бўлиб, юқори инстанцияда бекор қилинмаган.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

loading...