Россияда Google, Facebook ва Twitter йирик миқдорда жаримага тортилди

0

Россия 422-сонли маъмурий суд протоколига асосан, Google ва Facebook Россияда оммавий ахборот воситалари ва алоқа регулятори томонидан сўралган тақиқланган контентни олиб ташламагани учун 20 миллион рубл (267 минг доллар) жаримага тортилди, Twitter эса шунга ўхшаш қоидабузарлик учун 24 миллион рубл (320 минг доллар) миқдорида жарима тўлайди.

«Судга Google ва Facebook’нинг фаолиятига доир 5та мурожаат келиб тушган ва компаниялар ахборот ресурсидаги маълумотни ўчириб ташламаслик ҳамда интернет тармоғидаги хабарларни олиб ташлаш мажбуриятини бажармагани сабабли Россия Маъмурий кодексининг 13.41-моддаси 2-қисми бўйича айбланмоқда. Twitter фаолияти бўйича эса шунга ўхшаш 6та шикоят аризаси киритилган», дейилган баёнотда.

Россия оммавий ахборот воситаларини назорат қилиш уюшмаси маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда январь-февраль ойларида ўтказилган рухсатсиз ва ноқонуний тадбирларда қатнашишни рағбатлантирувчи 2500дан ортиқ ҳолат кузатилган. Ушбу қоидабузарлик юридик шахслар учун 800 мингдан 4 миллион рублгача жаримага олиб келади. Такрорий ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, жарима компаниянинг умумий йиллик даромадининг ўндан бирига кўпайтирилиши белгиланган.

Аввалроқ, Москванинг Таганский суди Twitter’ни ноқонуний ахборотни тизимли равишда ўчирмасдан келгани учун бир кун ичида уч марта жаримага тортгани маълум қилинганди. Жарималарнинг умумий миқдори 8,9 млн рублни ташкил этган.

Шунингдек, Россия федерал антимонопол хизмати Аpple компаниясини 906 миллион рубл (12 миллион доллар) жаримага тортгани хабар қилинганди. Жарима компания Россиянинг монополияга қарши қонунчилигини бузгани учун белгиланган.

loading...