Данияда коронавирус сабаб кўмилган қоракузанлар энди ёқилади

0

Данияда ўлдирилгандан кейин кўмиб юборилган тўрт миллион қоракузан (норка) яқин орада ковлаб олинадиган бўлди. “Евроньюс”нинг хабар беришича, чириган ҳайвонларнинг қолдиқлари ичимлик сувига ва чўмилиш мумкин бўлган кўлга тушган.

“Менимча, яқин ўртада яшайдиганлар кучли чириш ҳидини сезишяпти. Биз ҳеч қачон бунда муаммога дуч келмаган эдик”, – деди Дания Атроф муҳит вазирлиги вакили Ян Рейс.

Ўтган йили 15 миллион қоракузан йўқ қилинган эди, чунки уларда мутацияга учраб одамга юқиши мумкин бўлган коронавирус аниқланган. Тўрт миллионта ҳайвон иккита ҳарбий полигонга кўмилган, бироқ баъзилари ер юзига чиқиб қолган. Дания парламенти қоракузанларни ковлаб олиш ва уларни ёқиш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу жараён икки ой давом этади.

Атроф муҳит вазирлиги аҳолидан қоракузанлар ёқиладиган пайтда уйларнинг деразасини очмасликни ва ювилган кирларни ташқарига осмасликни сўради.

Еврокомиссия Даниядаги қоракузан етиштирувчиларга икки миллиард евро товон тўлашга ваъда берди. Данияда қоракузан етиштириш 2022 йилнинг бошигача тақиқланган. Ҳукумат қоракузанларнинг барини йўқ қилиш ва уларни оммавий кўмиш ҳақидаги қарор нотўғри бўлганини тан олди.

loading...