Тарихда Ҳаж сафари бекор қилинишига сабаб бўлган 5 та ҳолат

0

Саудия Арабистони расмийлари март ойининг бошида коронавирус пандемияси туфайли кичик Ҳаж сафари (Умра)га чекловлар қўйди. Яқин кунларда эса ушбу йилнинг июль ойида амалга оширилиши назарда тутилган катта Ҳаж зиёрати ҳам бекор қилиниши мумкинлиги эълон қилинди.

Аммо, бу фикрни мисли кўрилмаган деб бўлмайди, чунки Ҳаж сафари тарихда эпидемиялар, низолар, Маккага уюштирилган ҳужумлар ва бошқа сабаблар туфайли бир неча маротаба бекор қилинган. Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз ас-Сауднинг «Илмий тадқиқотлар ва архивлар фонди» тарихда бундан аввал ҳам қарийб 40 маротаба Ҳаж зиёрати ёки бекор қилинганлиги ёки Маккага ташриф буюрувчилар сони кескин қисқарганлигини эълон қилди. Тҳе Муслим Вибе сайтининг ёзишича, улардан энг машҳурлари қуйидагилар:

865 йилдаги ҳунрезлик

865 йил Аббосийлар ҳалифалигига қарши кўтарилган исёнга бошчилик қилган ас-Саффоқ номи билан машҳур бўлган Исмоил ибн Юсуф Арофат тоғида йиғилган зиёратчиларга ҳужум қилган. Даҳшатли қонли қирғин Ҳаж сафарларини 1 йилга тўхтатишга мажбур қилган.

930 йилда Макканинг қарматлар томонидан ишғол қилиниши

Ҳажнинг бекор қилинишига сабаб бўлган энг қайғули воқеалардан бири Х асрда содир бўлган. Қарматлар сектасининг бошлиғи Абу Тоҳир Жаннабий «ибодат қилиш(ни) тилга оид удум» деб эълон қилган. Унинг тарафдорлари 930 йил Маккага ҳужум қилиб, ўн минглаб одамларни ўлдирган. Тарихий манбалардан маълум бўлишича, 30 мингдан ортиқ зиёратчи ҳалок бўлган. Жасадлар муқаддас Замзам қудуғига ташланган. Макка ва Масжид ал-Ҳарам талон-тарож қилинган, Қора тош (Ҳажарул-асвад) ўлжа сифатида Баҳрайнга олиб кетилган. Ҳаж амаллари 10 йилга тўхтатиб қўйилган ва Қора тош охир-оқибат Каъбага қайтарилгач яна тикланган.

983 йилдаги сиёсий низолар

Ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудида жойлашган Аббосийлар ҳалифалиги ва Мисрда ҳукмронлик қилган Фотимийлар ҳалифалиги ўртасида 983 йилда бошланган низолар мусулмонлар учун Маккага ўтувчи йўлни тўсиб қўйган. Ушбу икки мусулмон империя ўртасида ҳокимият учун кечган жанглар натижасида Ҳаж зиёрати 8 йилга тўхтатилган. 991 йилга келибгина Маккага дунёнинг турли бурчакларидан яна зиёратчилар кела бошлаган.

1831 йилги ўлат

1831 йил Маккада ўлат тарқагач Ҳаж сафарлари тўхтатилган. Бу эпидемияни Ҳаж амалини ўтагани Ҳиндистондан келган зиёратчилар олиб келган. Хабар қилинишича, Маккадаги 75% зиёратчилар ўлатдан вафот этган. Касаллик яна ҳам тарқаб кетишини олдини олиш мақсадида зиёрат тўхтатилган.

1846 ва 1858 йилда тарқаган вабо

Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтиб, вабо сабаб Ҳаж яна камида 2 марта тўхтатилган. Бу касалликнинг Маккада авж олиши 1846 йил 15 мингдан ортиқ мусулмонни ҳалок қилган. Эпидемия 1850 йилга келиб йўқолган. Ҳаж амаллари касаллик тарқаб кетишининг олдини олиш ва ҳалок бўлганларни кўмиш учун тўхтатилган. Вабонинг иккинчи марта тарқаши 1858 йилда амалга ошган. Бу сафар кўпгина зиёратчилар Мисрдаги Қизил денгиз қирғоғида ташкил қилинган вақтинчалик карантин лагерига юборилган.

Манба: @etnosuz

loading...