Тошкентда «Урушнинг кичик гувоҳлари» китобининг тақдимоти ўтказилди

0

Маълум қилинишича, китобни чоп этиш ташаббуси «Подробно.uz» нашри томонидан билдирилган бўлиб, Капиталбанк томонидан молиялаштирилган. Ушбу тақдимот маросимида бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов, лойиҳа ташаббускорлари ва янги китобга воқеалари асос бўлиб кирган қаҳрамонлар иштирок этган.

«Қанча вақт ўтмасин, Улуғ ватан уруши ва у билан боғлиқ хотиралар юртдошларимиз қалбида яшаши керак! Биз бугун тарихий китоб шаклида тақдим этилаётган, Улуғ ватан урушининг миллионлаб иштирокчиларига бағишланган бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан доимо хурсандмиз. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бундай лойиҳалар аждодлар тарихини ёдга солиб, уларга ҳурмат бажо келтириш ва ўсиб келаётган ёш авлодни ривожлантиришга йўналтирилган», – деган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Фото: «Подробно.uz»

Қайд этилишича, мазкур лойиҳадан тижорий мақсад кўзланмагани сабаб китоб чекланган ададда чоп этилган. Шу боис китоблар мактаблар, олий таълим муассасалари, кутубхоналар, музейлар, маданий марказларга тақдим этилади. Ҳозирча китоб фақат рус тилида чоп этилган ва яқин вақт ичида ўзбек тилига таржима қилиш режалаштирилган.

Тақдимот давомида Россия элчиси Олег Малгинов Ўзбекистонда уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътиборни бошқа мамлакатларда кўрмаганини таъкидлаган:

«Мен кўп мамлакатларда бўлганман ва ишлаганман, шу боис бугун Ўзбекистонда Улуғ ватан уруши қатнашчилари ва уларнинг хотирасига бўлган ҳурмат ва эътиборни ҳеч қаерда кўрмаганман, дея самимий айта оламан. Бошқа мамлакатларда у даврлар хотираси аҳамиятини камайтиришга бўлган уринишларни кўрганман. Вақт ўтмоқда, тобора кўпроқ ёлғон гувоҳликлар, ҳақиқатдан йироқ далиллар пайдо бўлмоқда. Шу боис бугун уруш йилларини ўз кўзи билан кўрган тирик гувоҳлар бераётган маълумотларни муҳрлаб қолиш ва сақлаш, уларни келгуси авлодга етказиш муҳимдир, зеро тарихни унутмаслик лозим. Ушбу лойиҳа ташаббускорлари ҳамда уни амалга оширишга ҳисса қўшган барча ҳамкорларга миннатдорчилик билдирамиз», – деган у.

loading...