Фарғонадаги ўнлаб боғчаларга сифатсиз гўшт маҳсулотлари етказиб берилгани аниқланди

0

Фарғона вилоятидаги ўнлаб мактабгача таълим ташкилотларига етказиб берилаётган гўшт маҳсулотлари сифати қониқарсиз экани аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлигининг Матбуот хизмати маълум қилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг топшириғига асосан, Фарғона вилояти шаҳар ва туманларидаги 823 та мактабгача таълим муассасасига етказиб берилаётган гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилиги, сифати ва ўз вақтида етказиб берилиши юзасидан ўрганиш олиб борилди.

Ўрганиш натижасида Бешариқ туманида 15 та, Қува туманида 9 та, Марғилон шаҳрида 8 та, Қувасой шаҳрида 6 та, Фарғона шаҳрида 2 та, Олтиариқ ва Фарғона туманларида 1 тадан мактабгача таълим ташкилотига етказиб берилган гўшт маҳсулотларининг сифати қониқарсиз экани, таркибида суяк ва мол ёғи миқдори белгиланган меъёр талабларидан юқори экани аниқланди.

Хусусан, Фарғона шаҳрида ва Фарғона туманида “Волида” ф/х томонидан, Бешариқ туманида “Ойбек Азия чорва” д/х ҳамда “Business Company Invest” МЧЖ томонидан, Марғилон шаҳрида “Қуббо тайёрлов таъминоти” МЧЖ томонидан, Қува туманида “Исақжон Тожибоевич Тошбоев” д/х, “Қуббо тайёрлов таъминоти” МЧЖ, “Идеал панпер” МЧЖ ҳамда “Қува шукронаси” МЧЖ томонидан МТТларга етказиб берилган музлатилган гўшт маҳсулотининг сифатсизлиги ҳамда таркибида суяк ва мол ёғи миқдори белгиланган меъёр талабларидан юқори экани, баъзи ҳолларда муздан эриши оқибатида ортиқча сув ажралиб, таом сифатига таъсир қилаётгани маълум бўлди.

Ушбу таъминотчиларга қонун доирасида тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, бу масалада ушбу туманлар мактабгача таълим бўлимлари раҳбарларининг ҳамда сифатсиз гўшт маҳсулотларини қабул қилиб келган боғча мудиралари билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви ҳамда коррупция ҳолатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги юзасидан текширув ўтказилади.

loading...