Исроил туни билан Ғазо секторидан 200 та ракета учирилганини қайд этди

0

Ғазо секторидан Исроил ҳудуди бўйлаб ўтган тунда 200 га яқин ракета учирилди, деб ёзмоқда The Times of Israel нашри.

Ҳарбийларнинг маълумотларига кўра, «темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими ўнлаб ракеталарни тўхтатиб қолди.

Исроил ҳарбийлари бунга жавобан Ғазо секторидаги 130 га яқин объектга зарба берди. Исроил Мудофаа армиясининг хабар беришича, жавоб зарбаси натижасида Исроилга ракета учирган Фаластин гуруҳларининг 15 нафар аъзоси қурбон бўлди.

10 май куни Ғазо секторидан навбатдаги ракета учирилгач, Исроил жавоб зарбасини берди. Шундан сўнг, Фаластин анклавининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо секторида 21 кишининг ҳалок бўлгани ва яна 75 кишининг жароҳат олганини маълум қилди.

Ракета ҳужумлари Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар содир бўлаётган Шарқий Қуддусдаги кескинлик кучайган бир пайтда юз бермоқда. 7 май куни Исроил судининг қарорига биноан Маъбад тоғлари яқинидаги «Шайх Жарраҳ» маҳалласидан араб оилаларини кўчириб юбориш жараёни бошланган эди. Бунинг натижасида ҳудудда норозилик намойишлари ва тўқнашувлар юзага келди.

Маълумот учун, Қуддуснинг Маъбад тоғидаги ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси билан юзага келган тўқнашувда 278 нафар фаластинлик жароҳатланди.

Associated Press хабарига кўра, полиция яҳудийларга 10 май — Қуддус куни нишонланадиган санада исломнинг учинчи муҳим зиёратгоҳи бўлган ал-Ақсога ташриф буюришни тақиқлаган. Қуддус куни 1967 йилги олти кунлик урушдан сўнг шарқий Қуддуснинг Исроил назорати остига ўтишини ёдга олиш куни ҳисобланади. Бу йил Қуддус куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келмоқда.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил полициясининг Рамазон ойида бу ҳаракатларини танқид қилди ва «керак бўлса, ал-Ақсони қутқариш ва ўз эътиқоди учун жонини аямаслиги»ни таъкидлади.

loading...