ИТИМ: «Ўсимлик ёғи нархи 0,5 фоизга арзонлашди»

0

Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) Ўзбекистонда 28 апрелдан 5 майга қадар асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўзгаришини туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил қилди, деб ёзади «Gazeta.uz».

ИТИМ маълумотларига кўра, ташқи бозорда ўсимлик ёғига бўлган талабнинг ошиши ва натижада «тадбиркорларнинг ўта юқори даромад олиш истаги» туфайли нархларнинг кўтарилиши давлат томонидан бозорни барқарорлаштириш чораларини кўришга олиб келди. Марказнинг таъкидлашича, кўрилаётган чоралар ўз натижасини бермоқда.

«Давлат статистика қўмитасининг тезкор маълумотларига кўра, ҳафта якуни бўйича республикада бир литр ўсимлик ёғи нархи 0,5 фоизга, яъни 19 104 сўмга қадар арзонлашган. Ўртача нарх даражаси Андижон вилоятида бир литри учун 17 218 сўмни, Тошкентда эса 20 596 сўмни ташкил этмоқда», — дейилади хабарда.

ИТИМнинг таъкидлашича, республиканинг 9 та вилоятида ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда, айниқса, Навоий (2,4 фоиз) ҳамда Самарқанд (2,2 фоиз) вилоятларида.

Туманлар кесимида бир литр ўсимлик ёғи нархининг энг кўп арзонлашиши Вобкент (8,3 фоиз), Тўрткўл (6,3 фоиз), Жомбой (5,5 фоиз), Элликқалъа (5,4 фоиз), Пахтачи (5,1 фоиз), Мирзачўл (5 фоиз)да кузатилган.

Марказ маълумотларига кўра, бир ҳафта ичида нархлар фақат 5 та туманда ошган, уларнинг энг кўпи Сирдарё (1,6 фоиз), Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри (0,7 фоиз) ҳисобига тўғри келмоқда.

«Ўсимлик ёғи нархининг арзонлашиши ички бозордаги вазиятнинг барқарорлашувидан далолат беради», — дейилади ИТИМ хабарида.

loading...