Путин самарқандликми?

0

Россия Президенти Администрацияси берган маълумотга кўра, Владимир Владимирович Путин 1952 йилда СССР вақтидаги Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербургда туғилган. Ушбу расмий маълумотларга қарамай, омма орасида Путиннинг Самарқандда туғилгани ҳақида миш-миш ҳам кенг тарқалган. Бунга қайсидир маънода Владимир Владимировичнинг СССР Давлат хавфсизлик қўмитасида ишлагани ҳам сабаб бўлган. Албатта, бундай махфий структурада ходимлар ҳақидаги маълумотлар қаттиқ сир сақланиши табиий ва ахборот етишмаслиги ўз-ўзидан дезинформация келтириб чиқаради.

Шу ўринда, Россиянинг ўзида, сиёсий зиёлилар орасида Президент Путиннинг келиб чиқиши мавҳумлигича қолмоқда. Жумладан сиёсий фанлар доктори, 2003-2007-йилларда Давлат Думаси депутати бўлган Савельев Андрей ўз блогида шундай деб ёзган:

“Дарҳақиқат, Путиннинг таржимаи ҳоли йўқ. Бу инсоннинг келиб чиқиш тарихи ўйлаб топилган. Аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Унинг ота-онаси ким бўлгани, ҳақиқатан ҳам номаълум. Унинг оиласи қаердан келганини ҳеч ким билмайди. Гўё Путиннинг умуман қариндошлари йўқдек. Мактабда унинг ёнида ўқиганлар ёки ҳеч нарсани эслолмайди ёки ҳамма нарсани унутишга мажбур қилинган”.

Россияда 2010 йили аҳолини қайта рўйхатга олиш пайтида Путин ўзи ҳақида тўхталиб ўтган. Айтишича, унинг миллати рус. Отаси Владимир Спиридонович Иккинчи Жаҳон урушида қанташган, сувости флотида хизмат қилган. Онаси Мария Ивановна оддий завод ишчиси, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг “Ленинград ҳимояси учун” медали билан тақдирланган. Путиннинг отаси ҳам, онаси ҳам унинг Россия Президентига айланишидан бир оз аввал вафот этган.

Қизиқ ҳолат, 2015 йили Президент Путиннинг шахсан ўзи “Русский Пионер” журнали учун ёзган мақоласида отаси 1998 йилда, онаси эса 1999 йилда вафот этгани ҳақида маълумот берилган. Бироқ, 2017 йилда Путун 3 карра “Оскар”ни ютган Оливер Стоунга берган интервьюсида эса, аксинча, биринчи онаси, кейин отаси вафот этганини айтган. Ҳақиқат ҳам Путиннинг келиб чиқиши, оиласи ҳақидаги маълумот чигал. Балки, у ростдан ҳам самарқандликдир…

 

Манба: @etnosuz

loading...