Божхоначилар ўзидан “жонли контейнер” сифатида фойдаланишга уринган шахсни қўлга олишди

0

Божхоначилар ўзидан “жонли контейнер” сифатида фойдаланиб, 423,4 гр. “опий”ни олиб киришга уринган шахсни қўлга олишди, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан “Айритом” чегара-божхона постида гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда олиб кириш учун ўз ҳаётини хавфга қўйган шахс тўхтатиб қолинди.

Мазкур постга пиёда равишда кириб келган қўшни давлат фуқароси М.А. инсон тана аъзоларини сканерлаш қурилмаси кўмагида кўздан кечирилганида, унинг организмида ёт жисмлар – капсулалар мавжудлиги аниқланган.

Шундан сўнг Термиз шаҳридаги тиббий муассасаларидан бирида шифокорлар кўмагида ушбу шахснинг ичидан 47 дона скотчланган ўрамлар чиқариб олинган.

Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида эса,  уларнинг ичига 423, 42 гр. оғирликдаги “опий” ҳамда 17 дона оқ рангли таблеткалар жойлангани маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Божхона қўмитаси хабарида.