Жиззахда хонадонни «ўмарган» ўғрилар 20 ёшли йигит ва қиз бўлиб чиқди

0

Жиззах шаҳрининг «Зилол» маҳалласидаги хонадонларнинг бирида 2020 йилнинг 17 ноябрь куни соат 7 да уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган номаълум шахс хонадон эгасининг 80 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, турар жойдан аёлларнинг пардоз-андоз буюмлари ҳам олиб кетилган. Жиноят уйга дераза орқали кириш йўли билан амалга оширилган.

Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари дастлаб кутилган натижани бермаган. Жиноятчини топишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида Ҳ.П. хонадонида содир этилган ўғирлик фош қилинди. Бу қонунбузарлик Жиззах шаҳрининг Зилол маҳалласида яшовчи З.М. ҳамда Шароф Рашидов туманининг Қаҳрамон маҳалласида яшовчи Б.М. томонидан содир этилган.

Айбланувчилар 20 ёшли йигит ва қиздан ўғирланган пул эвазига қўлга киритилган кийим-кечак ва пардоз-андоз буюмлари ҳужжатлаштириб олинди. Уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.