Саудия Арабистони Исроил ҳарбийларининг Масжидул Ақсога «очиқдан очиқ ҳужуми»ни қоралади

0

Вазирлик баёнотида рўй берган ҳолат «Масжидул Ақсонинг муқаддаслиги ва ибодат қилувчиларнинг хавфсизлигига қарши Исроил оккупация кучлари амалга оширган очиқдан очиқ ҳужум» деб таърифланган.

Подшоҳлик жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қиларкан, Қуддусдаги вазият таранглашишига Исроилни жавобгар деб ҳисоблашга чақирган. Саудия Арабистонига кўра, Исроилнинг хатти-ҳаракатлари «барча халқаро нормалар ва қонун-қоидаларга зиддир».

«Вазирлик шуни таъкидлайдики, подшоҳлик Фаластин халқи билан. Биз оккупацияга барҳам бериш ва Фаластин давлатининг 1967 йилда белгиланган чегаралари тан олиниши бўйича барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз, зеро халқаро резолюциялар ва Араб Лигасига мувофиқ Шарқий Қуддус – Фаластиннинг пойтахти», – дея хулоса қилинган Саудия Арабистони расмий позициясида.

Маълумот ўрнида, исроилликлар учун янги уйлар қурилаётгани сабаб кўплаб фаластинлик оилалар суд қарори билан Қуддусдан чиқариб юборилмоқда. Фаластинликлар бунга норозилик билдирмоқда.

Тинч руҳда ўтмаётган бу норозиликларни бостириш жараёнида Исроил полицияси 7 май, жума куни Қуддус шарқидаги мусулмонлар учун муқаддас ал-Ақсо масжиди жойлашган ҳудудга ҳам кириб келди, ҳатто масжид ичкарисига овозли граната отилди.

Тўқнашувлар давомида фаластинликлар Исроил полициячиларига тошлар билан ҳужум қилган, полиция эса уларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқлар ишлатган. Бир неча полициячи ва 600 дан ортиқ фаластинлик жароҳатлангани айтилмоқда.

Бир неча кун ўтиб, Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Тел-Авив томонга бир неча юзта ракета зарбаси берди. Исроил жавоб тариқасида Ғазо секторидаги 130 та объектга зарба йўллади. Ўнлаб қурбонлар, улар орасида болалар ҳам бор.

loading...