БОЛАЛАРДА ЭНГ КЎП УЧРАЁТГАН ОРТОПЕДИК КАСАЛЛИКЛАР ҚАЙСИ?

0

Мутахассисларнинг фикрича, дунё травматизми (кишиларда содир бўладиган травмалар)да охирги йиллар кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда. Мамлакатимизда ҳам интенсив кўрсаткичлар бўйича травматизм даражаси ортмоқда.

Хусусан, 2013 йилда ҳар 100 минг аҳолига 3 минг 160 та шикастланиш рўйхатдан ўтган бўлса, 2019 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 3 минг 184 тани ташкил этди. Таъкидлаш лозимки, травматизм ҳолатлари бўйича аҳоли зич ва асосан йирик шаҳарларда, технологик ривожланган ҳудудларда юқори кўрсаткичлар қайд этилади. Мисол учун, юртимизда бу борадаги энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Шундай бўлсада, мамлакатимиздаги умумий ҳолат МДҲ мамлакатларидаги кўрсаткичлардан сезиларли даражада паст экани эътиборга молик.

Катталар ўртасида кузатилаётган ортопедик касалликлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда йирик бўғимлар артрозлари, умуртқа поғонаси остеохондрози ва унинг оқибатлари энг кўп қайд этилмоқда. Сон суягининг туғма чиқиши, туғма бўйин қийшиқлиги ва туғма маймоқлик эса болаларда учровчи туғма нуқсонларнинг катта улушига тўғри келади.

Болаларда энг кўп учрайдиган ортопедик касалликларининг республика бўйича ҳисобга олинганлари қуйидагиларни ташкил қилади:

– сон суяклари туғма дисплазияси ва туғма чиқиши – 4721 та;
– туғма бўйин қийшиқлиги – 1478 та;
– туғма маймоқлик – 1570 та;
– сколиоз – 1056 та;
– кўкрак қафаси деформацияси – 1210 та.

Шунингдек, орттирилган патологиялардан оёқ панжаларининг статик деформациялари ва тиззалар деформациялари энг кўп учрамоқда.
Эътиборлиси, айни пайтда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари томонидан ортопедик касалликларнинг ягона реестрини шакллантириш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

loading...