Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашган онкология марказидаги қизалоқ Президент мактабига олинадиган бўлди, унинг оиласига уч хонали уй берилди

0

Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, у ерда даволанаётган болалар билан суҳбатлашган, уларнинг ота-оналарига далда бергани ҳақида аввал хабар қилинган эди. «Ўзбекистон 24» ва Zo‘r TV телеканаллари маълумотларига кўра, ушбу учрашувлардан сўнг бир қатор болалар Президент мактабига қабул қилиниши билдирилган.

Жумлдан, ўзини «Ўзбекистонда ҳайитликнинг энг каттасини олган одам» деб ҳисоблаётган Раҳмонберди Абдусатторовнинг қизи Райҳона ҳам Президент мактабига ўқишга олиниши маълум қилинган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

«Қизим Райҳонанинг оёғига эндопротез қўйиш учун чет давлатга ордер беришди. Иккинчиси, кўпдан бери орзумиз бўлган, лекин етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган иш — Самарқанд вилоятидан уч хонали уй беришди. Даволаш учун кўп нарсалардан кечгандим, уйсизлик ҳам жуда қийнаб қўйганди. Ҳозир ҳам қийналиб, ижарада тургандик — президентимиз раҳнамолиги остида жуда катта ёрдам беришди. Қизим Президент мактабига ўқишга қўйилди. Жуда хурсандман, бу мен учун жуда катта қувонч. Отага бундан ортиқ бахт бўлмаса керак», — дейди Раҳмонберди Абдусатторов.
Бундан ташқари, тиббиёт марказида даволанаётган қизалоқлардан бири Zo‘r TV’га берган интервьюсида Шавкат Мирзиёев билан суҳбат вақтида унга ўз орзуларини айтгани, унга бу орзуларини рўёбга чиқариш учун ёрдам кўрсатилиши ваъда қилинганини таъкидлаб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати
«Президент билан учрашувда орзумни айтдим. Орзум — тузалиб кетиб, Президент мактабига ўқишга кириш эди. Худо хоҳласа, Президент мактабига ўқишга оламиз, дейишди», — дейди қизалоқ.

loading...