Вирус юқтирмаслик учун нима қилиш керак?

0

– Савол: Юртимизда мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, карантин талаблари яна кучайтирилди. Вирус юқтирмаслик учун қандай талабларга риоя қилиш керак?
Муслима Йўлдошева, Фарғона вилояти Бувайда тумани.
Саволга тиббиёт фанлари доктори, гигиенист-эпидемиолог Феруза САЛОМОВА жавоб берди:
— Биринчи талаб, энг аввало, ниқобни тўғри тақиш қоидаларига риоя қилиш керак. Бир марталик тиббий ниқобларни дорихоналардан харид қилиш ва ҳар икки соатда алмаштириб туришимиз шарт. Ҳозир кўпчилик ниқобни иягига осилтириб юради. Бу нотўғри. Сиз билан суҳбатлашаётган одам соғлом, касаллик аломати бўлмаса ҳам вирус ташувчи бўлиши мумкин. Сиз ниқоб тақмасангиз зарарланиш эҳтимолингиз юқори бўлади. Бу борада ўтказилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, агар сиз ва сиз билан мулоқотда бўлаётган одам ниқобни тўғри тақса, касалликнинг юқиш эҳтимоли 90 фоизгача пасаяди.
Иккинчиси, ҳар бир одам камида 1,5-2 метр ижтимоий масофа сақлаши керак. Чунки ҳавога чиқарилган касаллик чақирувчи микроблар, вирус, бактерия бўладими, оғирлик ва ернинг тортишиш кучи натижасида қаршисидаги одамнинг нафас олиш зонасига етиб бормайди.
Учинчиси, қўлларни тозалаб ювиш. Қўлларни, албатта илиқ оқар сувда ювиш керак. Ҳар хил ҳид берувчи, даволовчи, антибактериал совунлар кундан-кунга кўпайиб кетяпти. Антибактериал совунлардан иложи борича мақсадли фойдаланиш зарур. Чунки қўл терисидаги фойдали микрофлораларни камайтириб юбориши мумкин. Совуннинг вазифаси тери устидаги турли қолдиқ ҳамда ёғларни парчалаб ташлашдан иборат. Совун кўпиргандагина қўл тоза ювилган ҳисобланади. Қўл ювганда совун яхши кўпирмаса уни чайиб, яна қайтадан совундан фойдаланиб ювиш тавсия этилади. Қўлларни ювиш жараёни 20 сониядан кам бўлмаслиги ва бармоқлар орасини яхшилаб ювиш керак.
Ёш болалар қўлларини совунлаб ювганидан сўнг силтаб кетаверади. Уларга қўл ювиш қоидаларини ўзимиз кўрсатишимиз лозим.

Нигора Раҳмонова, ЎзА

loading...