Бировнинг хонадонига ижарачи бўлиб кирган фуқаро унинг уйини тортиб олмоқчи бўлиб эгасини судга берди

0

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) га Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқародан яшаб турган уйини фирибгарлик йўли билан тортиб олиниши мумкинлиги сабаб суд мажлисларида Омбудсман иштироки таъминланишида ёрдам сўраб мурожаат қилинган эди.

Ушбу мурожаат синчиклаб ўрганилиб, фуқарога ҳуқуқий томондан амалий ёрдам кўрсатилиши учун ариза Омбудсманнинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилига юборилди.

Минтақавий вакил мазкур низоли масала юзасидан жорий йилнинг 13 апрель куни Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шахар туманлараро судининг барча суд мажлисларида иштирок этди.

Аниқланишича, низоли хонадоннинг умумий ер майдони 26м2 ни ташкил қилиб, шундан 17м2 1991 йилда мурожаатчининг отаси номига эгалик ҳуқуқи асосида расмийлаштирилган. 9м2 ер майдони эса ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдони бўлган. Судга даъво ариза киритган қарши томон А.К. аслида мазкур хонадонга ижарачи сифатида жойлашган. Кейинчалик ноқонуний йўллар билан ўз номини рўйхатга ҳам қўйдириб олган. Қолган 9м2 ер майдонининг бир қисмига ўзбошимчалик билан қурилмалар қурган ва 1991 йилда уларга нисбатан ҳоким қарорини ҳам чиқариб олган. Лекин қарши даъвогар тараф аслида Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилган.

Омбудсманга мурожаат қилган фуқаро бўш турган 9м2 ер майдонини отасининг номига расмийлаштириш бўйича ҳокимга мурожаат қилганидан хабар топган қарши томон А.К. судга мурожаатчининг уйини буздириб ташлаш ва унга эгалик ҳуқуқи берилишини сўраган.

Анчагина чигал масала…

Тошкент шаҳридаги Минтақавий вакилнинг судда иштироки, иш бўйича баъзи муҳим жиҳатларнинг очиқланишига ва бундан суд хабардорлигини оширишга ёрдам берди.

Низоли иш бўйича олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида:

1986 йилда А.К. томонидан ўзбошимчалик билан қурилган қурилмалар бузилиши ҳақида Халқ Депутатлари С.Раҳимов тумани Кенгаши қарори қабул қилингани, бироқ қарор ижроси таъминланмасдан қолганлиги,

1991 йилда ҳақиқатдан ҳам С.Раҳимов тумани ҳокимлиги томонидан 2 та бир хил қарор қабул қилинганлиги, бироқ мурожаатчининг отаси номига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, қарши томон А.К. номига эса фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер майдони бериш ҳақида қарорлар қабул қилинганлиги,

А.К.га ер майдони вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши ҳақида қарор қабул қилинганлиги боис, Олмазор тумани ҳокимлиги томонидан ушбу фойдаланувдаги ҳудуд мурожаатчининг отаси номига эгалик ҳуқуқи асосида расмийлаштирилганлиги;
А.К. солиқ тўловларини умуман тўламасдан келганлигини аниқлади.

Суд тарафлар важларини, прокурорнинг даъво аризасини рад қилиш ҳақидаги фикрини ва юқорида кўрсатиб ўтилган асосларни инобатга олган ҳолда А.К.нинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Ҳуллас, уйидан умидини узган фуқаронинг Омбудсманга мурожаати ижобий ҳал этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакил (омбудсман) Матбуот хизмати

loading...