Эримнинг қасами сабаб қизалоғим ўлиб қолган…

0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева «YouTube»даги YashinTV каналига эксклюзив интервью берди. Раъно Ярашева суҳбат давомида биринчи турмушидан ажрашиши сабаби, эрининг қасами сабаб қизалоғи ўлиб қолгани ҳақида гапириб берди.

Дўстлар билан бир даврада ўтирганимизда шеърлар ўқишларим турмуш ўртоғимга ёқмас эди. Ўша даврадан чиқиб токи уйга келгунимизча нимага ўзингни кўрсатасан, деб мен билан жанжаллашиб келардилар. Бу одатларидан сўнг кейинги сафар ўшанақа давраларга, ўтиришларга бормайман, десам, сен мен билан бирга юришга ор қиляпсанми, дердилар. Аллоҳ бизга қиз берди, ўғил берди, аммо тортишувларимиз тугамади. Мен ўйлаган эркинлик, орзулар бўлмади, турмуш дегани ҳам жуда машаққатли ҳаёт экан.

Бир куни ўша одам ичиб келиб, қаттиқ жисм билан бошимга урган. Уйдан дадамникига чиқиб кетганман. Буни дадам кўриб, нима бўлди, дедилар. Дадамга осонликча кўп нарсани айтмас эдим, чунки уларнинг жаҳллари жуда баланд эди. Бўлган воқеани айтганимда, сенинг ҳам бирор айбинг бордирки, шундай ургандир, дедилар. Ўз-ўзидан шундай жанжал бўлганини айтганимдан сўнг акам, онам, дадам машинага ўтириб, эримнинг уйига келганмиз.

Бир жанжаллашганимизда эрим агар оилам билан асоссиз жанжаллашсам, заррача кўнглини оғритсам, боламнинг ўлигининг устида турай, деб қасам ичганди. Ўшандан сўнг тўрт ёшлик қизалоғимиз ўлиб қолди. Ёш оилалар ҳар қандай вазиятда ҳам болаларини ўртага қўйиб қасам ичишлари керак эмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу нарсага жиддий эътибор бериш керак.

Хуллас, дадам билан эримнинг ҳовлисига бордик. Дадам эримга нимага қизимни урдинг, дедилар. Улар жим турдилар. Қизим ўғрилик қилдими, бузуқлик қилдими, уйингдан бирор нарсани сендан сўрамасдан сотиб юбордими, нима қилди, дедилар. Энди оилада бўлади-ку, урдим-да, деб жавоб берганларида дадам у одамга мушт тушириб юборди. Шу воқеадан сўнг биз бутунлай ажрашиб кетдик.

Раъно Ярашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

Маълумот учун, Раъно Ярашева Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, театрда кўплаб турли даражадаги ролларни ижро этган. Актриса кино оламида «Ўзимдан ўзимгача», «Менинг акам бўйдоқ», «Энди дадам бўйдоқ», «Телба», «Шабнам», «Кузда гуллаган дарахт», «Қоракўз» каби фильмларда ҳам турли образларни гавдалантирган.

loading...