У ҳамон хотирамизда, қалбимизда мангу яшайди

0

Дўстлик — Аллоҳ туҳфа этган бебаҳо неъмат ҳисобланади. Дўстлар орасидаги меҳр-оқибат эса ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди. Ана шундай мустаҳкам дўстлик ҳақида гап кетганида беихтиёр, раҳматли дўстим Фарҳод Холмуҳаммедовнинг сиймоси кўз ўнгимда гавдаланади. У билан ўтказган болалик дамларимиз ёдимга тушади. Сабаби, у менинг энг яқин дўстим эди. Биз иккимиз Андижон вилоятининг Бўз (ҳозирги Бўстон) туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабида бирга бир синфда ўқиганмиз. Ҳам мактабдош, ҳам синфдош бўлган дўстим Фарҳод Холмуҳаммедовни танимаган инсоннинг ўзи йўқ. Чунки у спортнинг карате йўналиши бўйича ўз даврининг жаҳон чемпиони бўлган. Уни нафақат республикамизда, балки хорижий давлатларда ҳам спортга иҳлосманд ўрта авлод вакилари яхши танишади.

Жаҳон чемпионати совриндори Фарҳод Холмуҳаммедов 1975 йил 1 январда туғилган. 1982 йилдан Бўз (ҳозирги Бўстон) туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилик пайтлариданоқ спортга меҳр қўйди. 1990 йилдан бошлаб спортнинг каратэ тури бўйича астойдил шуғуллана бошлади. Ёшлигиданоқ спортга меҳри баланд бўлган болакайни Бўз (ҳозирги Бўстон) туманида тажрибали спорт мураббийи Цой Георгий Тимофеевич шогирдликка олиб, унга “карате до” нинг шотокан усули сир-асрорларини ўргатди. Мунтазам спорт машғулотларида тобланиб борган ёш спортчи дастлабки мусобақаларданоқ муваффақиятларга эриша бошлади. Дастлаб, туман, вилоят, республика чемпиони бўлди. Бу чемпионлик уни аста-секин жаҳон миқёсидаги мусобақаларда қатнашиш учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилди. Спорт машғулотларида мунтазам қатнашиб жисмоний маҳоратини ошириб борган спортчининг саъй-ҳаркатлари эса бесамар кетмади. 1992 йил Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Халқаро турнирида 2-ўринга сазовор бўлди. 1995 йили мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ташкентский барс” МДҲ давлатлараро турнири ғолиби бўлди. Бу эса Фарҳод Холмуҳаммедовни янги марралар сари руҳлантириб юборди.

1996 йил Англиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган мусобақада муваффақиятли қатнашиб, кучли тўртликка кирди. Ёш бўлишига қарамай ҳаётда ўз ўрнини топа билган мақоламиз қаҳрамони 1997 йилда Андижон Давлат Унверситетининг спорт факулътетини муваффақиятли тамомлади. Шунингдек, 1997 йил Макаода, 1998 йил Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатларида муваффақиятли қатнашди. Фарҳод Холмуҳаммедов спорт орқали “Ўзбекистон” номини оламга ёйди. Юрт байроғини сарбаланд кўтарди. Ёш чемпион спортнинг карате туридан ташқари шахмат, шашка, стол теннис, катта теннис, футбол, баскетбол, волейбол турлари билан ҳам мунтазам шуғулланарди ва маҳорат билан ўйнарди. Бир сўз билан айтганда спорт вундеркинди эди. Спортни ўз ҳаёти ва умр мазмунига айлантирди. Ҳар куни эрта тонгда Бўз (ҳозирги Бўстон) туман марказидаги стадионга узоқ масофага югуришга чиқар, баъзан югуриш машғулотлари давомида Бўз (Бўстон) шаҳарчаси марказидан ўрмон хўжалигигача бўлган 5 километрлик масофани босиб ўтарди. Югуруш машқларини у ҳар кунлик одатига айлантирганди. Бундан ташқари у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида масъул лавозимларда самарали фаолият юритди. Халқ тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида муносиб хизмат қилди. Ана шундай масъулиятли лавозимларда ҳам спорт билан ҳамнафас бўлди. Мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ўтказиладиган анъанавий спорт мусобақаларида ҳам муваффақиятли иштирок этиб борди. Бир неча бор спортнинг қўл жанги тури бўйича чемпионликни қўлга киритди. Фарҳод Холмуҳаммедов нафақат ишда, балки оилада ҳам фарзандлик масъулиятини қалбан ҳис қиларди. Бир сўз билан айтганда ота-онасига ғамхўр фарзанд, қондош-жигарларига меҳрибон, биз дўстларига эса елкадош чин дўст эди.

Фарҳод Холмуҳаммедов Туркияда ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида зафар қувончи ва она юрт, ота-она соғинчи билан қайтаётганида шавқатсиз ўлим орамиздан олиб кетди. Яъни у 1998 йилнинг 12 июль куни тасодифий йўл транспорт ҳодисаси сабабли, айни 23 ёшида бу ёруғ оламдан кўз юмди. Мана дўстимизнинг бу дунёни тарк этганига ҳам қарийб 22 йилдан ортди. Шунга қарамай у ҳамон хотирамизда, қалбимизда мангу яшайди.

Сайёд ДЕҲҚОНОВ,

Андижон вилояти, Бўстон тумани

Суратда: Чапдан биринчи каратэ бўйича жаҳон чемпиони Фарҳод Холмуҳаммедов энг яқин дўстлари билан.

 

loading...