Наманганлик 61 ёшли фуқаро «Однокласники»даги аёл қармоғига илинди

0

61 ёшли фуқаро Ш.З. Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унда 2021 йилнинг 19 май куни “Одноклассники” ижтимоий тармоғи орқали “Феруза Қўчқорова” номли профил эгаси билан танишиб қолиб, бир-бирларига ўзаро SMS хабарлар ва беҳаё тушган суратларини юборганликларини, сўнг “Феруза Қўчқорова” унинг суратларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб юбормаслиги эвазига 2 миллион сўм пулларни талаб қилаётганлигини маълум қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

22 май куни соат 14:00 ларда Наманган шаҳри Чорсу маҳалласида “Кудратилла” исмли шахс Ш.З.дан кимёвий ишлов берилган 2 миллион сўм пулларни товламачилик йўли билан олаётган вақтида ЖҚБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тезкор тадбир давомида, “Феруза Қўчқорова” номли профил эгаси аслида 47 ёшли фуқаро А.К.нинг ўзи эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодекси нормаларига кўра, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.